АсосийJamiyat

"Ўзимиздан ҳам айб қидирайлик" Тошкентнинг янги ҳокими пойтахтнинг дренаж тизимининг ишдан чиқишига аҳолининг тартибсиз қурилишлари ҳам сабаб бўлганини айтмоқда

'"Ўзимиздан ҳам айб қидирайлик" Тошкентнинг янги ҳокими  пойтахтнинг дренаж тизимининг ишдан чиқишига аҳолининг тартибсиз қурилишлари ҳам сабаб бўлганини айтмоқда'ning rasmi

Тошкентга янги тайинланган ҳоким Шавкат Умрзоқов пойтахтнинг дренаж тизими ўрганиб чиқилгани, кўчаларни нима сабабдан сув босгани ҳақида гапирди. Ҳоким ерости сув кетиш тизими ишдан чиқишига аҳолининг тартибсиз қурилишлари ҳам сабаб бўлганини қайд этган.

Ҳокимга кўра, Тошкентдаги автотураргоҳлар тизими тартибга солинмаган, бунинг учун аввало йўлларни тўғрилаш лозим.

“Бу фақат ҳокимиятнинг эмас, балки ўзимизнинг, инсонларнинг ҳам йўлда юриш маданияти ҳисобланади. Биринчидан, йўлда ҳаракатланувчи ҳар битта “автомобилчи”нинг транспорт қўйишини инобатга олган ҳолда автотураргоҳлар ташкил қилиш, керак бўлса, уларни пулли қилиб, ундан орттирилган маблағ мазкур тизимни ривожлантиришга сарфланади.

Автотураргоҳларнинг ҳаммаси бозорга яқин ҳудудларда жойлашади. Бир нарсани тушунинглар, ишлаб чиқаришдами – умуман ҳамма нарсада “bottleneck” деган нарса бор. Олдин 10 талик қувурларда сув юрган бўлса, ҳозир ривожланиш шунчалик тез бўлганидан 20-30 талик қувурларда сув юргандек тирбандлик пайдо бўлади. Демак, биз нима қиламиз? Сувнинг ҳаракатланишини ҳар қаерга оқизиб-оқизиб юборишимиз керак. Бу – тез бўладиган нарса эмас. Тез бўлган нарсанинг умри қисқа бўлади.

Бир йилда Тошкентдаги аҳоли сони деярли 100 мингга ошяпти. Ички миграция бор. Ҳажм ўсишидан келиб чиқиб, келгусидаги ҳисоб-китобларни ҳам оляпмиз. Бу йилдан жорий қилишни бошлаймиз, муаммо бирданига ечилмайди. Коридор дейилганда, биринчи битта кўчадаги муаммо, кейин иккинчи ва учинчиларнинг – шу тарзда босқичма-босқич бошқа масалаларни ечамиз”, – дейди у.

Шавкат Умрзоқов шаҳар дренаж тизимида юзага келаётган муаммолар борасида қуйидагича фикрда:

“Дренаж тизимини ўргандим. Ўзимиздан ҳам айб қидирайлик, 20-30 фоиз дренажларни фуқароларнинг ўзи уй қуриш жараёнида ёпиб юборган. Биз бу нарсаларни ўрганиб, аниқлаб бўлдик. Ҳозир мазкур тизимни энди қандай тиклаймиз, қонунбузилишига йўл қўйган инсонларга қандай чора кўрилади? Бу – давлат мулки. Нимага сув тошди? Биринчидан, асфальт бўлиб ётибди, сув шимилмади. Одамлар уй қуряпти, қурмаса ҳам тўсқинлик бўлаётганини ёзади. Шароит қилиб берилишини талаб қилишади. Лекин аҳолимиз қурилиш маданиятига риоя қилган ҳолда қуриши керак-ку, ернинг остидан ўтган нарсаларни ёпиб ташлаши керакмас-ку. Бу борада тадбиркорларнинг ҳам, аҳолининг ҳам сонини аниқлаб, маълум қиламиз”, – дея қайд этади Умрзоқов.

 

    Бошқа янгиликлар