Ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги қишлоқларнинг бирига бўри келиб қолгани ҳақида хабар тарқалди. Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси Матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, "Тўқмор" МФЙ да яшовчи фуқаро Н.О.нинг ҳовлисига ёввойи ҳайвон кириб қолганлиги тўғрисидаги мурожаат келиб тушган.
Шундан сўнг, Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари ҳамда Кўкдала туман ИИБ ходимлари билан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида фуқаронинг ҳовлисига кириб қолган ҳайвон бўри эканлиги аниқланди.
Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган "Зооцирк" хусусий корхонасига хабар берилди. Мутахассис томонидан бўрининг ҳолати ўрганилиб, унинг хулосаси билан табиат қўйнига қўйиб юбориш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, 7 апрел куни Бухоро вилояти Олот туманида тулки боласининг ҳаёти сақлаб қолинди.
Табиат ресурслари вазирлиги Бухоро вилояти бошқармаси Олот тумани инспекцияси инспектори Мўминжон Саидовнинг уйига тулки боласи адашиб кириб қолади. Унинг оёқлари жароҳатланган, ёрдамга муҳтож эди. Инспектор дарҳол тулки боласини ветеринарияга олиб боради ва биринчи ёрдам кўрсатилади.
Айни пайтда тулки боласи Бухоро шаҳар “Сомонийлар боғи”даги ҳайвонот боғига топширилган. У соғайиб кетганидан кейин табиат бағрига қўйиб юборилади.






