Яқин кунларда Самарқанд шаҳри яна бир бор қатор йирик халқаро тадбирлар ўтказиладиган масканга айланади. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.
Хабарда айтилишича, 2023 йил 13 апрел куни бу ерда Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади. Ўзбекистон, Эрон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари Афғонистондаги мавжуд вазиятни кўриб чиқадилар.
2023 йил 14 апрел куни эса Самарқандда Ўзбекистон, Арманистон, Беларус, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси ва Қозоғистон делегациялари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси иштирокида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда халқаро кун тартиби ва МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш, қўшма дастурлар ижроси ҳамда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиши учун киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси кўзда тутилган.
Шу куни Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирларининг олтинчи учрашуви бўлиб ўтади.
Ушбу тадбирларни ёритишга қизиққан миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари 2023-йилнинг 10-апрелига қадар аккредитация ҳужжатлари тўпламини (аккредитациядан ўтадиган шахсларнинг паспортлари нусхалари ва таржимайи ҳоллари, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги маълумотлар) илова қилган ҳолда press@mfa.uz электрон почтасига ариза юборишлари зарур.
Қўшимча саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармасига мурожаат (+99871 236 29 83, +99871 232 05 41) қилишингиз мумкин.






