Хоразмда оилавий болалар уйи раҳбари уч нафар вояга етмаган тарбияланувчини 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиқлари билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, тегишли ташкилотлар томонидан билдирилган баёнотлар жамоатчиликда яна эътирозларни пайдо қилмоқда.
Расмийлар 2022 йил 6 сентябрда ўқилган суд ҳукмидан хабарлари бормиди?
Уларда вазиятни тўғирлаш имконияти бўлганми?
Нега бу ҳолат оммага маълум бўлиб, уларнинг ғазабига учрагачгина тегишли ташкилотлар бу хабардан ларзага тушганликларини билдиришмоқда?
Ирина Матвиенко жорий йил февраль ойининг бошида Сенат мажлисида Хоразмдаги мана шу воқеалар ҳақида ҳаммага гапириб берганлигини ёзган. Ўша мажлисда сенаторлар, Олий суд, Адлия вазирлиги ва бошқа кўплаб ташкилотлар вакиллари бўлган ва бундан хабар топган. Лекин ҳеч нарса бўлмаган. Бирорта ташкилот бу ҳақида жиддий ўйлаб ҳам кўрмаган. Худди оддий хабарни эшитгандай, мажлисдан чиқибоқ барчасини унутиб юборишган.
Xushnudbek.uz телеграм канали шундай изоҳлайди.
"Олий Суд ҳам, Бош прокуратура ҳам, Болалар омбудсмани ҳам орадан шунча ой ўтган бўлишига қарамасдан бу ҳақида сукут сақлашган. Балки ўзларича "мундир ҳурмати"ни сақлаган ҳолда давлат амалдорларининг бу шармандачилигини яширишгандир, ким билсин. Адлия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса тизими шарманда бўлмаслиги учун, бу хабарни беркитишдан манфаатдор бўлган.
Ва кеча Ирина Матвиенко ушбу воқеалар ҳақида батафсил маълумот эълон қилгач ҳамда бунинг натижасида ижтимоий тармоқлар портлагач, бирданига ҳамма ташкилот "тилга кириб қолди".
Сенат ҳам, Олий Суд ҳам, Адлия ва ФВВ ҳам, Болалар Омбудсмани ҳам бирданига ўзидан сипо ясаб олиб, ушбу воқеадан чуқур қайғуда эканлиги, ишни назоратга олишгани ҳақида бирин-кетин баёнотлар беришди.
Буларнинг барчаси сохта ачинишларга бой баёнотлар. Худдики ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдай тутиб, дўппи тор келиб қолганидан ноилож берилган баёнотлар. Агар ижтимоий тармоқларда одамлар қаҳр ва ғазаб сочмаганда эди, ушбу ташкилотлар икки дунёда ҳам бу воқеага эътибор қаратиб ўтирмасди.
Ёки агар улар ростдан бугунги кунгача бу воқеадан бехабар бўлган бўлишса, унда бу янада ёмон. Демак, улар бир тийинлик тайинли иш қилишмаяпти, ўз вазифасини тайинли бажаришмаяпти дегани. Ваҳоланки тизим ичида туриб, бу воқеадан бехабар қолиб кетиш учун кўзи кўр, қулоғи кар бўлиш керак", - дейди ҳуқуқшунос.
platforma.uz телеграм канали Адлия вазирлигининг узундан-узун баёнотига муносабат билдирар экан шундай фикр билдиради.
"Одатда қайсидир мутасадди бирор жиноятга қўл уриб, у оммага ошкор бўлиб қолса, билдириладиган расмий муносабатда у аллақачон ишдан бўшатиб юборилган бўлади. Худди ҳозирги хабардек. Кошки бу бўшатиш тизимдаги илдиз отган муаммога ечим бўлса?!
Вазирлик хабардан ларзага тушганини таъкидлаб, уни аллақачон бўшатиб юборганини билдиради.
Шу жойида яна бир савол туғилади. Нима сабабдан ходим бўшатилган заҳоти оммага хабар берилмаган. Нега яширилган? Тушуниладики, вазирлик бу воқеа рўй бергани учун эмас, у ижтимоий тармоқларда кенг тарқанидан ларзага тушган...", - дейилади телеграм каналди.






