Жорий йил 23 март куни Фарғона вилояти Риштон туманидаги марказий истироҳат боғида 18 ёшли қиз “Пиратский корабл” номли аттракционда учаётиб, эҳтиётсизлик оқибатида аттракциондан тушиб кетган.
Эҳтиётсизлик оқибатида тан жароҳати олган қиз туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига олиб келинган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Риштон тумани ИИБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва Н.О.нинг олган тан жароҳати бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Ҳодиса сабабларини аниқлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ёки қилинмаганлигини аниқлаш юзасидан Бандлик бошқармасига тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.
Ҳозирги кунда вояга етмаган Н.О Бағдод туман тиббиёт бирлашмасида шифокорларнинг назоратида даволанмоқда ва аҳволи яхшиланяпти.
Ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги паркда эр-хотин ва уларнинг фарзанди ўтирган аттракцион узилиб кетганди.
Кейинроқ ушбу аттракционнинг рухсатномаси йўқ бўлгани ва ҳатто хавфсизлик синовидан ўтмагани аниқланди.






