Президент Шавкат Мирзиёев "Янги Тошкент" лойиҳаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида нутқ сўзламоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар бермоқда.
Маълумки, бугунги кунда пойтахтимизда яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллионни ташкил қилади. Яқин йилларда бу кўрсаткич яна кўпайиши кутилмоқда.
Бугунги куннинг ўзида шаҳарда йилига 20 мингдан зиёд квартирали кўп қаватли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор.
Шунинг учун пойтахтимизнинг барқарор ривожланишини ўйлаб, камида 15-20 йил олдин режаларимизни аниқ белгилаб олишимиз зарур, деди давлатимиз раҳбари.
Шуларни инобатга олиб, Буюк Британия, Сингапур, Хитой ва Туркиялик мутахассислар билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Жумладан, Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида "Янги Тошкент" лойиҳасини амалга ошириш мақсад қилиб олинди.
Бу лойиҳани амалга ошириш учун танлаб олинган ҳудуд денгиз сатҳидан 500 метр баланд бўлиб, шаҳарга яқинлиги, ўз иқлими, баҳаволиги ва икки дарё ўртасида жойлашгани билан ноёб ҳисобланади.
Ҳозирги Тошкент 43 минг гектар худудни эгаллайди. "Янги Тошкент" лойиҳаси доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади.
Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади.
Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.
Босқичма-босқич давлат идоралари ҳам Янги Тошкентга кўчиб боради.
Уларнинг ҳозирги бинолари ўрнида меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари очилиб, Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади.
Президентимиз Янги Тошкентда уй-жой, транспорт, ишхона, маданият, спорт ва таълим объектларини қамраб олган замонавий урбанизация ва илмий ёндашувлар асосида юртимизда илк бор “ақлли” технологиялар жорий этилишини таъкидлади.
Масалан, энг замонавий экологик транспорт тизими ташкил этилади. Янги Тошкентда метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади.
Бунда, “яшил ва хавфсиз шаҳар” тамойили асосида пиёдалар ва велосипедларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда 100 минг автомобиль учун ер ости тураргоҳлари қурилади.
Автомобиль қатнови учун 14 та замонавий туннел ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади.
Шунингдек, Марказий Осиёда илк бор “уч-генерация” станцияси қурилади. Яъни, бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилади, ёзда эса совутилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.
Инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли 200 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, IT парк, таълим ва тиббиёт кластерлари ташкил этилади.






