АсосийJamiyat

Тошкентда нарко-курьерларни калтаклаб, устига “зелёнка” сепганларга нисбатан суд ҳукми ўқилди (видео)

'Тошкентда нарко-курьерларни калтаклаб, устига “зелёнка” сепганларга нисбатан суд ҳукми ўқилди (видео)'ning rasmi

Бундан бир неча ой аввал бир гуруҳ ёшлар фуқарони калтаклаб, устига зелёнка сепкани тасвирланган видео лавҳалар тарқалган эди. Бугун шу ҳолат бўйича батафсил маълумот берамиз.  

Иш ҳужжатларига кўра, воқеа 2022 йилнинг 11 октябрь куни соат 18:30 ларда рўй берган.

Маълум бўлишича, уч нафар судланувчи тергов вақтида аниқлашнинг имкони бўлмаган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи "Дон Сарлеон" қўл остига ишга киради ва улардан 2 нафари мўмай даромад топиш мақсадида одам ўғирлашади.

Улар дастлаб, 1998 йилда туғилган, кейинчалик, 2003  туғилган жабрланувчини ўз ихтиёрига қарши равишда ўғирлашади ва "Дон Сарлеон" топшириғи билан уларни калтаклаб, устига зелёнка сепишади ва видеога олишади.  

2023 йилнинг 10 март куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида мазкур жиноят иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди. 

Суд мажлиси давомида жабрланувчи воқеа тафсилотларини гапириб берди.  

"Қочдим, югирдим, йиқилиб тушдим. Ёнимга келишди, иккита "шапалоқ" беришди. Машинага ўтир гаплашамиз дейишди, ўтирдим. Ўзимни хоҳишим билан бордим. Қаттиқ урмаймиз, видеога олишимиз керак, бақиргин дейишди, хўп дедим. Мани қаттиқ уришмади лекин",–деган жабрланувчи. 

Тергов жараёнида маълум бўлишича, жабрланувчилар гиёҳванд воситаларини етказиш билан шуғулланган.

Хўш, судланувчилар, бу ишга нима сабабдан қўл урди?

"Бу ишни бир бола таклиф қилди. Инстаграмдан ёзиб гаплашдик. Наркотик тарқатганларни урасан деди. Тергов жараёнида аниқланганки, улар наркотикни ўзларича ўғирлаб тарқатгани учун биза урганмиз. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман",–деди айбдорлардан бири суд мажлисида.

Суд айбдорларга ҳукм ўқиди.  

Суднинг ҳукмига кўра, 2001 йилда туғилган (Ш.А.) cудланувчи  “Одам ўғрилаш” ва “Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш” жиноятларини содир этганликда айбли деб топилди ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

2001 йилда туғилган судланувчи (А.Р.) “Одам ўғрилаш” ва “Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш” жиноятларини содир этганликда айбли деб топилди ва 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Сурия давлати фуқароси бўлган судланувчи “Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш” жиноятини содир этганликда айбли деб топилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ҳибсда сақланган 3 кунни ҳар бир кунини базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бир қисмига тенглаштириб, тайинланган жазодан чегириб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 18,5 баравари, 5.550.000 сўм миқдорида жарима жазоси қолдирилди. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.

    Бошқа янгиликлар