Маълумки, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркия жануби ва Сурияда "Аср фалокати" номини олган зилзила содир бўлди. Табиий офат натижасида биргина қардош Туркиянинг ўзида 40 мингдан зиёд одам бетонлар остида вафот этди, яна 100 минглаб инсонлар уй-жойидан айрилди.
Талофотнинг илк кунларида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Туркияга гуманитар ёрдам ва қутқарувчилар юборди.
Бундан ташқари ўзбекистонлик кўнгиллилар томонидан хайрия марказлари ташкил этилиб зилзиладан жабр кўрган туркияликларга моддий ёрдам пуллари, озиқ-овқат ва кийим-кечак маҳсулотлари юборилди.
Эътиборли жиҳати Сирдарё вилоятида яшовчи 99 ёшли онахон Зулайҳо Исмоилова Darakchi.uz'га берган интервюсида нафақа пулини Туркиядаги зилзиладан жарбланганларга ёрдам тариқасида юборган эди.
Зулайҳо аянинг ўғли Муҳаммад Исмоиловнинг “Darakchi.uz”га маълум қилишича, онахон “Туркия қутқарувчиси” номига муносиб кўрилган.
Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоиловнинг ўзи шундай дейди:
“Бугун мен учун қувончли кун. 99 ёшли Зулайҳо ҳожи онам Исмоиловага ‘Туркия қутқарувчиси’ деган фахрий ёрлиқ ва Туркиядаги қутқарувчилар киядиган жилет тақдим этишди. Кўксим тоғдай кўтарилди. Аслида, ҳамма оналар қаҳрамон. Оналар бешик тебратади, оналар ҳеч қачон тобут кўтармайди. Дунёнинг ярми оналар бўлса, қолган ярмини оналар дунёга келтиради. Онам Туркиядаги зилзилани, девор остида қолган одамларни кўриб, кўзига ёш олди. Туркия дардини ўз дардидай қабул қилди. Онам Сардобадаги талафотда биринчилардан бўлиб ёрдамга шошганди. Энди эса, Туркияга бориш ниятида. Илоҳо, ҳаммамизнинг қаҳрамон оналаримиз соғ бўлсин. Шундай оналаримиз бор экан, ўзбек миллати дунёдаги энг буюк миллат бўлаверади”, — дейди шоир бу ҳақда.
Тўққиз нафар фарзанднинг онаси, невара, чевара ҳамда эвараларининг севимли бувиси бўлган Зулайҳо ая Исмоилова биринчи даражали меҳнат фахрийси бўлгани учун давлатдан 4,5 миллион сўм миқдорида нафақа олади.
“Туркия халқи бошига оғир иш тушибди. Уларга жудаям ичим ачиди. Шунга нафақамдан орттирган пулларимни Туркиядаги зилзиладан жабрланганларга юборяпман. Сал бўлса-да, ёрдамим тегса, хурсанд бўлардим. Аллоҳ уларнинг мушкулини осон қилсин”, — деганди зилзиладан жабрланганларга 20 миллион сўм миқдоридаги маблағ хайрия қилган онахон.






