”Сурхон” давлат қўриқхонаси ходимлари ноёб жонивор бўлган морхўрнинг ноқонуний овланиши билан боғлиқ ҳолатни фош этишди, дея хабар бермоқда Табиат ресурслари вазирлиги.
Қайд этилишича, 4 март куни соат 10:00 ларда қўриқхонанинг асосий майдонига 3 нафар шахси номаълум фуқаро ноқонуний равишда кирган. Ҳолат юзасидан қўриқхона бош мутахассиси T.нормуродов, қўриқлаш ходимлари Б.Тошболтаев, И.Эшалиев ва Ж.Эшалиевлардан иборат тезкор рейд гуруҳи тузилиб, қўриқхона ҳудудида кузатув ишлари олиб борилган.
Кузатув ишлари давомида қўриқхонага яқин ҳудудда ҳаракатланиб кетаётган Nexia-2 русумли автомашина ходимларда шубҳа уйғотган. Вандоб маҳалласида яшовчи фуқаро X.Б.гa тегишли бўлган ушбу автомашина тўхтатилиб, юкхонаси кўздан кечирилганда бир бош бурама шохли эчки (морхўр)нинг гўшти бўлакланган ҳолда олиб кетилаётганлиги аниқланган.
Суриштирув ишлари давомида Шеробод туманининг Вандоб маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.A. ва Ангор туманида яшовчи фуқаро И.Ў. қонунга хилоф равишда қўриқхонанинг Вандоб бўлими Дарайғулсой массивидан овчилик рухсатномаси бўлмаган «IJ-17-32» калибрли бир стволли ов милтиғи ва 1 дона пневматик қурол билан Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган 1 бош морхўрни отиб нобуд қилганлиги маълум бўлган.
Аниқланган ҳолат бўйича «Сурхон» давлат қўриқхонаси, вилоят ИИБ, туман ИИБ ходимлари ва холис гувоҳлар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган ҳамда ҳуқуқбузарларга тегишли бўлган ов қуроллари ва фуқаро X.Б.гa тегишли автомашина туман ИИБ ходимларига топширилган.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлардан овланган морхўр гўшти ҳамда 8 дона отилмаган ва 4 дона ишлатилган – жами 11 дона ов милтиғи ўқлари қонуний тўхтамга келгунга қадар холис гувоҳлар иштирокида баённома расмийлаштирилиб, ашёвий далил сифатида олинган
Ноқонуний овчиларнинг ёввойи ҳайвонот дунёсига келтирган зарари 180 000 000 (бир юз саксон миллион) сўмни ташкил этган.
Маълумот учун: морхўр (Capra falconeri) — Ўзбекистон ва халқаро Қизил Китобига киритилган, тоғ эчкилари уруғига мансуб ноёб ҳайвон тури ҳисобланади. Мазкур ноёб ҳайвон турини нобуд қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.
Аниқланган ҳолат юзасидан бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Сурхондарё вилоят прокуратурасига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.






