АсосийJamiyat

Наманганда халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади

'Наманганда халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади'ning rasmi

Наманганда 21 майдан 4-июнга қадар халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади. Олтмиш иккинчи бор ўтказиладиган фестивалга 2,5 миллиондан ортиқ меҳмонлар ташрифи кутилмоқда. 

Таъкидланишича,  фестиваль ўз тарихида иккинчи бор икки ҳафта (жорий йил май ойининг сўнгги ҳафтаси ва июн ойининг биринчи ўн кунлигида) давом этади.

2022 йилда фестивалга 30 дан ортиқ хорижий давлатлардан меҳмонлар ташриф буюрган бўлса, бу йил 40 дан ортиқ мамлакатдан меҳмонлар ташрифи кутилмоқда. Улар орасида дипломатик корпус вакиллари, Наманган билан биродарлашган вилоят ва шаҳарлар мутасаддилари, ҳамкор қўшма корхоналарнинг чет эллик раҳбарлари ҳам қатнашиши режалаштирилган.  

Байрамда иштирок этадиган гулчилар географияси ҳам кенгайган. Ўтган йили Жанубий Корея, Ҳиндистондан гулчилар кўргазмада иштирок этган бўлса, бу йил Германия, Ҳиндистон, Полша, Жанубий Корея, Қирғизистон ва Италия гулчилари қатнашади.

Бундан ташқари, фестивал бўлиб ўтадиган Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли истироҳат боғида 15 миллион, шаҳар кўчаларида 10 миллион, жами 25 миллион гул ва кўчатлар экиш режалаштирилган. Шунингдек, шаҳар кўчалари турфа хил шаклда безатилади.

Фестивалнинг маданий дастури ҳам бой ва қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Хусусан, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номли истироҳат боғи, “Афсоналар водийси” тематик паркида ўрнатиладиган саҳналарда шоир ва ёзувчилар, цирк усталари, ўзбек эстрадаси юлдузлари ва фолклор ансамбллари чиқишлари намойиш этилади.

Фестивал якунида тадбирда муносиб иштирок этган гулчилар ва корхона-ташкилотлар бир неча номинациялар бўйича тақдирланади.

    Бошқа янгиликлар