Қорақалпоғистондаги айрим мактабларда ўқувчиларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати.
Кенгес раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан Кегейли туманидаги 1, 8, 19 ва 55-сонли умумтаълим мактабларидаги ўрганиш ишлари давомида қўпол хато ва камчиликлар аниқланди.
Хусусан, болаларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрга жавоб бермаслиги, шунингдек, ичимлик суви билан таъминланмагани, иссиқ чой билан таъминлаш учун эса шароит тўлиқ яратилмагани маълум бўлди.

«Энг ачинарлиси, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ўрганилганда олма шарбати истеъмолга яроқсиз экани, бундан ташқари, қадоқланган маҳсулотлар зараркунандалар билан зарарлангани аниқланди. Қолаверса, маҳсулотлар махсус автомашиналарда эмас, йўловчи транспортида етказиб берилган, турли мактабларда кундалик озиқ-овқат сифатини назорат қилувчи комиссия таркиби тузилмаган», — дейилади хабарда.
Ҳозирда ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, айбдорларга чора кўриш бўйича тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда.
«Айтиш жоизки, болаларнинг овқатланиши талаблари бажарилиши юзасидан республикамизнинг барча мактабларида ўқув-тарбия ишлари олиб борилиб, мактаб директорлари ва айбдорларга қаттиқ жазо чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.







