24 февраль куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан Бухоро вилоятида ички ишлар органларининг хизмат фаолиятига оид тезкор йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда Бухоро вилоятида ўтган йилнинг ҳисобот даврида жиноятчиликка қарши кураш масалалари, жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифаларнинг ижроси, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама этилди.
Шунингдек, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш дастурларининг амалга татбиқ этилишида барча секторларнинг раҳбарлари ва маҳаллаларда шакллантирилган бешликнинг ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратилиб, криминоген вазиятга таъсир этувчи ижтимоий-маиший муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилишда Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига полковник Миралимов Миржамол Юлдашевич тайинланди.
Тадбирда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича йиғилиш иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, янги тайинланган вилоят ИИБ раҳбарига тегишли топшириқлар берилди.






