17 февраль куни мисрлик хонанда ва блогер Мустафо Абу Раваш ҳамда унинг ижодий ҳамкори Раша Н.М.Радва Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ташрифдан мақсад юртимиз маданияти ва туризм салоҳиятини Миср давлатида кенг тарғиб этиш орқали Араб мамлакатларидан сайёҳлар оқимини оширишдир.
"Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Мақсадим халқингизнинг турмуш тарзи билан танишиш, ўзим учун янгиликларни кашф қилиш, — деди Мустафо. — Ютуб орқали юртингизнинг об-ҳавоси, музейлари ҳақидаги қизиқарли видеоларни томоша қилгандим. Энди эса буларга ўз кўзим билан гувоҳ бўлмоқчиман. Таъкидлашим керакки, Ўзбекистоннинг об-ҳавоси, урф-одатлари, ва, айниқса, миллий таомлари ажойиб".
айтилишича, Мустафо Абу Раваш ва Раша Н.М.Радва Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби юртимизнинг диққатга сазовор қадимий ва тарихий масканларига саёҳат қилишади. Шунингдек, мисрлик хонанда Ўзбекистонда бир қатор видеоклиплар суратга олишни ҳам режалаштирган.
Мисрлик блогерлар Ўзбекистоннинг ўзига хос иқлими, бой маданий меъроси, халқларимиз орасидаги ўхшаш урф-одатлар ва энг асосийси бир-бирини такрорламайдиган 4 та фаслга эга эканлигини алоҳида эътироф этишди.
Бундан ташқари, Мустафо Абу Раваш ва Раша Н.М.Радва ўзбекистонлик санъат соҳаси вакиллари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва улар билан келгусида кўплаб янги ижод намуналари яратишни ният қилишган.
Маълумот учун, Мустафо Абу Раваш нафақат Мисрда, балки бутун дунёда катта аудиторияга эга. Хусусан, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини 6 миллионга яқин обуначи кузатиб боради.






