Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев 72 ёшида вафот этди.
Маданият ва туризм вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, Бахтиёр Сайфуллаев 1951 йилнинг 1 апрелида Тошкент шаҳрида таваллуд топган, 1972 йилда Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институти тамомлаган.
Ўз меҳнат фаолиятини 1972 йилда Республика ёш томошабинлар театри актёри ва режиссёри сифатида бошлаган Бахтиёр Сайфуллаев кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири лавозимида ҳам фаолият олиб борган.
Бахтиёр Сайфуллаев ўзбек миллий санъати ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби” унвони билан тақдирланган.
Маданият ва туризм вазирлиги жамоаси Сайфуллаев Бахтиёр Сайфуллаевичнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.






