Етти нафар россиялик ўқитувчиларнинг январдан майга қадар Тошкент шаҳрида ижарада яшаш учун кетадиган 217 млн сўмлик харажатлари бюджет ҳисобидан қоплаб берилади. Бу ҳақдаги Тошкент шаҳар ҳокимининг фармойиши жамоатчилик томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
"Бу дегани ҳар бир россиялик ўқитувчи учун ҳар ойда 6,2 млн.сўмдан, яъни қарийб 600 доллардан тўлаб берилади дегани, дейлади "bakiroo" каналида.
Ўзбекистонда энг бой бюджет ҳисобланган Тошкент шаҳар бюджетини истаган йўналишда ўзлаштириш ва сарфлаш мумкин, лекин асло ўзимизнинг ўқитувчилар даромадини ошириш учун эмас. Россиялик ўқитувчиларнинг эса ўрни бўлак. Улар оғалар. Кўнгли нозук.
Яшаш қиймати вилоятларга нисбатан каррасига баланд Тошкентда педагогларга ҳақ тўлаш вилоятлар билан бир хил. Вилоятлар билан бир даражада бўлган маошларга Тошкентда оила боқиш тугул, алоҳида шахснинг ўртача ҳаёт кечириши жуда қийин масала. Ўқитувчилар пойтахтда энг камбағал ва заиф тоифага айланиб бўлган".
Булогернинг қайд этишича, нормал давлатларда, ҳатто унчалик нормал бўлмаган давлатларда ҳам пойтахт миқёсида яшаш қийматини ҳисобга олиб педагогларда қўшимча устамалар белгиланади. Бу таълим сифатини бир меъёрда ушлаш билан бирга педагогларнинг бошқа иш ҳақи баландроқ соҳаларга ўтиб кетмаслигини олдини олади.
"Москвадаям шундай, Астанадаям шундай, Ҳатто бюджети Тошкентникидан кичик бўлган Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳам ўқитувчилар учун шаҳар бюджетидан устамалар бор. Лекин Тошкентда ундай эмас эмас.
Ахир ўқитувчиларга устама берсак, бюджетнинг учдан бир чайиладиган ободонлаштиришга пул қайдан ўзлаштирилади? Уқаланиб кетадиган тротуар ва бордюрлар нима бўлади? Совуқ уришини билиб туриб, қайта ва қайта экиладиган гуллар-чи?
Педагогларнинг абгор ҳолати ва пойтахт мактаблари деградацияси билан уларнинг нима иши бор?", - блогер шу каби кинояли саволларни ўртага ташлайди.
Блогернинг ушбу фикрларини қўллаб-қувватловчилар унинг постини ўз каналларида улашишмоқда.






