Арманистон Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларига бешта юк машинаси гуманитар ёрдам жўнатди. Икки давлат ўртасидаги чегара пункти охирги марта 1988 йилда Спитакдаги фожиадан кейин очилган эди.
Арманистон ва Туркия ўртасидаги қуруқлик чегараси Туркия-Сурия чегараси яқинида содир бўлган даҳшатли зилзила фонида сўнгги 35 йил ичида биринчи марта очилди.
Туркиянинг Анадолу ахборот агентлигининг хабар беришича, Арманистон зилзила зоналаридаги одамларга бешта юк машинаси гуманитар ёрдам юборган.
“Гуманитар ёрдам олиб кетилган юк машиналари чегарадаги Маргара кўпригидан ўтиб, зилзиладан жабр кўрган ҳудудга йўл олди”, — деб ёзди Арманистон ТИВ матбуот котиби Ваҳан Ҳунанян тивиттерда.
“Анадолу” хабарига кўра, Арманистоннинг Маргара шаҳри яқинидаги ўтиш жойи охирги марта 1988 йилда очилган. Ўшанда Спитакдаги энг кучли зилзиладан сўнг Туркиядан Арманистонга инсонпарварлик юклари етказилган. Ўшанда зилзила оқибатида 45 минггача одам ҳалок бўлган.
Туркия ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар 1915 йилдаги фожиали воқеалар бўйича турлича қарашлар туфайли жиддий мураккаблашганлиги айтилади. Бу кўплаб мамлакатларда, жумладан, Германияда ҳам Усмонли империясидаги арман геноциди деб ҳисобланади. Туркия бу таърифни мутлақо рад этади.
Бундан ташқари, Анқара 2020 йилда тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга айланган Тоғли Қорабоғ бўйича чўзилган можарода Озарбайжонни ҳарбий ва сиёсий йўллар билан қўллаб-қувватламоқда.
Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян 7 февраль куни Берлинга ташрифи чоғида Ереван ва Анқара ўртасидаги қуруқликдаги чегарани очиш бўйича музокаралардаги тараққиёт ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, АФП агентлиги иқтибос келтирган ҳолда, икки давлат томонидан “ижобий қадамлар” қўйилган.
Туркиянинг жануби-шарқида ва Сурия шимолида содир бўлган кучли зилзила қурбонларининг умумий сони, 11 февралдаги маълумотларга кўра, 25 минг кишидан ошган. Туркия президенти Эрдўғоннинг сўзларига кўра, биргина Туркиянинг ўзида 21 848 киши ўлган.
Айни пайтда қутқарув операцияси давом этмоқда, бироқ вайроналар остидан омон қолганларни топишга умид камайиб бормоқда.






