Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Жиззах вилоятида саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
Йиғилишда энергетика таъминотини яхшилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Жиззах вилоятида камида 2 минг Мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалари учун салоҳият борлиги таъкидланди. Бундан фойдаланиб, 270 Мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилиши айтилди. Бунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади, жами 71 миллион куб метр газ тежалади.
Жумладан, Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компаниясининг 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан, 220 Мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилади. Келгуси йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.
Шунингдек, ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 Мегаваттли, Саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Аҳоли хонадонларига 8 Мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш учун жозибадор шароитлар яратилади.
Тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 Мегаваттли қуёш станциялари қуриш ташаббуслари қўллаб-қувватланади.
Зафарободда бу йил жами 2 Мегаваттли 2 та кичик ГЭС қурилади ва бу йил 2,4 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Осиё тараққиёт банки билан бирга, Форишда 150 Мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланади. Бу станция тўлиқ қувватга чиққанда, 370 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Жиззах шаҳрида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқарувчи когенерация маркази қурилади.
Давлатимиз раҳбари Жиззах электр тармоқларидаги йўқотишлар кўп эканини қайд этиб, буни камайтириш, вилоятда 4 мингдан зиёд корхонанинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Вилоят жамоатчилиги вакиллари, нуронийлар ва ёшлар билан мулоқот бўлди. Улар юртимиздаги янгиланишлар, яратилаётган шароитлар самараси ҳақида ўз ҳаёти ва фаолиятидаги муваффақиятлар мисолида сўзлаб берди. Давлатимиз раҳбари уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Йиғилиш сўнгида яна бир муҳим воқеа – 3 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар – Фориш туманидаги “Eco Basalt Group”, Жиззах саноат зонасидаги “Mono Electric” ва “Super medical elements” ширкатларидир.
Биринчи корхона базальтдан йилига 5 минг тонна композит қувурлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. “Mono Electric”да 1 минг 500 турдаги электр техника маҳсулотлари, “Super medical elements”да 40 турдаги тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналар ҳисобига, 700 дан ортиқ аҳоли юқори даромадли доимий иш жойига эга бўлади.
Маросимда видеоалоқа орқали корхоналар вакиллари билан мулоқот қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.
Шунинг билан Жиззах вилоятига ташриф якунланди, давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.






