АсосийJamiyat

Аномал совуқ натижасида қийинчилик кўрган тадбиркорларга енгилликлар берилади

'Аномал совуқ натижасида қийинчилик кўрган тадбиркорларга енгилликлар берилади'ning rasmi

Бугун Президентнинг Наманган вилоятига ташрифи бошланган ҳақида хабар берилган эди. 

Хабар берилишича, Шавкат Мирзиёев Наманганда тадбиркорлар билан учрашган.

"Бу йил қиш ниҳоятда совуқ келди. Кўплаб тадбиркорлар бундан қийналганини билиб турибман", — деди Президент.

Хусусан, республикада 3 мингта ҳудудий саноат корхонасида 7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган (уларда 350 минг аҳоли банд).

Ҳисоб-китобга кўра, зарур чоралар кўрилмаса, биринчи  чоракда ялпи маҳсулот ўсиши 1,5 фоизгача пасайиши мумкин (5 фоиздан 3,5 фоизгача).

"Олдимизда долзарб вазифа — “қаттиқ совуқ” оқибатларини бартараф этиб, бизнес фаолиятини тезроқ изга тушириш", — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, иқтисодиётдаги йўқотишлар ўрнини қоплаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун бугун Президент алоҳида қарор имзолаганини маълум қилган.  

Унга кўра, “қаттиқ совуқ”дан қийинчилик кўрган тадбиркорларга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича енгилликлар берилади.  

Жумладан:  

  •  2 минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-мартда муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади;  

Наманганда 73 та тадбиркорнинг 130 миллиард сўмлик кредит тўловлари узайтирилади.  

  •  29 мингта тадбиркорнинг 2 триллион сўм солиқдан қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва “пеня”сиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади;  

Наманганда 395 та тадбиркорнинг 17 миллиард сўм солиқ тўловлари узайтирилади.  

  •  қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш  

ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади;  

Наманганда 44 та тадбиркорга 65 миллиард сўм кредит ажратилади.  

  •  носоз ускуналарни таъмирлашга кредитлар ажратилади, улар бўйича 2,5 миллиард сўмгача кафиллик берилади ва кредит ставкасининг 4,5 фоизи қоплаб берилади;  
  •  27 мингта тадбиркор учун давлат мулки ижара тўлови 1 апрелга қадар ўзгармайди  

ва уни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади (тадбиркорларда 52 миллиард сўм қолади);  

Наманганда 183 та шундай тадбиркор бор.  

  •  давлат мулкини сотиб олган тадбиркорлар учун тўловлар, фоиз ва “пеня” 1 апрелга қадар тўхтатиб турилади;  
  •  ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма берилади.  

    Бошқа янгиликлар