АсосийJamiyat

Президент Фарғонадаги 132 миллион евро эвазига қурилган катта фабрикани бориб кўрди

'Президент Фарғонадаги 132 миллион евро эвазига қурилган катта фабрикани бориб кўрди'ning rasmi

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бугун Фарғона вилоятида бўлиб турибди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбари 2022 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида “Global textile infinity” кластерининг ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Ўшандаги кўрсатмалар асосида лойиҳа жадаллаштирилиб, декабрда ишга туширилган. 

Бу галги ташрифда Қўштепа туманидаги мазкур тўқимачилик корхонаси кўздан кечирилди.

Бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг “Rieter machine works” ускуналари ўрнатилган.

Корхона йилига 18 миллион метр аралаш мато ҳамда 10 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Европа давлатлари ва Хитойга 85 миллион евролик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг учун корхонада сифат лабораторияси ташкил этилган.

Президент тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш, таниқли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлади.

Таъкидланишича, ушбу кластер мажмуасида водий вилоятларида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилган.

Ўтган олти йилда бу вилоятларда 35 та кластер ташкил этилиб, 670 миллион долларлик 150 дан ортиқ йирик лойиҳа ишга туширилган.

Маълумки, шу йил 26 январда пахтачилик кластерлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга оид Президент қарори қабул қилинган. Унга кўра, кластерлар пахта етиштиришга ўғит, уруғ, ёқилғи учун имтиёзли кредитларни исталган вақтда олиш имконига эга бўлган. Уларга ғўза навларини мустақил жойлаштириш, четдан ҳосилдор навларни селекция учун олиб келишга рухсат берилган.

Шунингдек, лазерли текислагичларни сотиб олишда улар қийматининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилган. Ишлаб чиқаришни илм билан боғлаш мақсадида ҳар бир кластерга пахтачилик илмий ташкилотлари ва агрохизмат марказлари бириктирилган.

Йиғилишда мазкур чора-тадбирларнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилган.

Пахта ҳосилдорлигини ошириш, ип-калавани чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Водий вилоятларида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини жорий йилда 2,5 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги таъкидланди.

Иқтисодиёт тармоқларидаги бугунги тендецияга ҳамоҳанг, кластерлар ҳам энергия истеъмолининг бир қисмини муқобил манбаларга ўтказиши зарурлиги қайд этилди.

    Бошқа янгиликлар