АсосийJamiyat

Наманганда "Қуръони Карим" ноёб қўлёзмасини ўғирлаган жиноятчилар жавобгарликка тортилди

'Наманганда "Қуръони Карим" ноёб қўлёзмасини ўғирлаган жиноятчилар жавобгарликка тортилди'ning rasmi

2022 йилнинг 9 август кунидан 10 август кунига ўтар кечаси  соат 00:04ларда номаълум шахслар Чортоқ тумани Балиқкўл МФЙда жойлашган “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳида мавжуд бўлган “Қуръони Карим” китобининг қўлёзма нусхасини ўғирлаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. 

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди раиси Иброҳим Жабборовнинг маълум қилишича, Наманганда "Қуръони Карим" ноёб қўлёзмасини ўғирлаган жиноятчилар жавобгарликка тортилди

Адлия вазирлигининг маълумотига кўра, 2022 йил 10 август куни 2 марта судланган Э.Абдусатторов Наманган шаҳрида истиқомат қилган эски таниши ва жиноий шериги Р.Шоисаев билан бирга бу жиноятни содир этган.

У ўғрилик бўйича Шоисаевга айтганда, банкдан кредити ва дўстларидан қарзи бўлган шериги бунга рози бўлган.

Шу куни икковлон юзларига ниқоб, қўлларига ишчи қўлқоп кийиб, тунги соат 01:00ларда туманнинг “Балиқкўл” маҳалласида жойлашган “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳи музейига келишган. Улар жиноятларини яшириш мақсадида зиёратгоҳ чироқларини асосий тармоқдан узган ва музейда сақланаётган, 1874 йилда ҳаттотлар томонидан кўчирилган нодир қўлёзмали “Қуръони Карим” китобини ўғирлаган. Кейин улар Наманган шаҳрига келиб, каломуллоҳни Р.Шоисаевнинг синглиси Н.Шоисаеваникига яширишган. Аммо хонадон соҳибасига китобнинг ўғирланганини айтишмаган.

Бироқ, ўғрилар тез орада қўлга олинган. Негаки улар зиёратгоҳ ҳудуди ва атрофига ўрнатилган видеокузатув мосламаларига тушиб қолган. Китоб эса зиёратгоҳга қайтарилган. “Қаҳрамон”ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида кўриб чиқилди.  

Суд Э.Абдусатторов ва Р.Шоисаевни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (кўп миқдорда содир этилган ўғрилик) билан айбдор деб топиб, уларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.  

Суд туманнинг 2-сектор раҳбарига бириктирилган “Балиқкўл” маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари томонидан судланувчи Э.Абдусатторовнинг оилавий аҳволи ўз вақтида ўрганилмагани, уни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмагани, хулқ-атвори эътиборсиз қолдирилгани, муқаддам судланган шахслар билан ишлаш ҳолати юзаки эканлиги юқоридаги жиноятга сабаб бўлган деб ҳисоблади.  

Маълумот учун, Ўзбекистон туризм ва маданий меърос агентлигининг 2022 йил 22 декабрдаги санъатшунослик экспертизаси хулосасида, нодир “Қуръони карим” китобининг мамлакат ички бозоридаги баҳоси 92 000 000 сўм деб белгиланган.

    Бошқа янгиликлар