Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шу йил 1 февралдан 1 мартгача юртимизда “Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги” акцияси ўтказилади. Бу ҳақда ССВ матбуот котиби хабар бермоқда.
Бу даврда мамлакатимиздаги аграр соҳа ходимлари — фермерлар, деҳқон, боғбонлар, кластер ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, аввало, бепул профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилади.
Текширув натижаларига мувофиқ, касалликлар аниқланган қатлам давлат кўмагида саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.
Тиббий текширувлар давомида:
- 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳоли — оила шифокори профилактик кўригидан;
- 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли — юқумли бўлмаган касалликлар скринингидан;
- 35-55 ёшли аёллар — бачадон бўйни саратони текширувидан;
- 45-65 ёшли аёллар — кўкрак бези саратони скринингидан;
- 15-49 ёшли хотин-қизлар — профилактик кўрик, ҳомиладорликка монелик аниқлаш кўригидан;
- сил касаллиги бўйича хавф гуруҳига мансуб қатлам — флюорографик текширувдан;
- сурункали касаллиги бор беморлар — оилавий шифокор ва тегишли тор соҳа мутахассислари томонидан диспансер кўригидан;
1-18 ёшли болалар — чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан;
2-10 ёшли болалар — гельминтозга текширувдан;
3-18 ёшли болалар — онкогематологик касалликлар скринингидан ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тиббий кўрик ва скрининг текширувлари бепул амалга оширилади, дейилади вазирлик хабарида.






