28 январь куни Эрон шимоли-ғарбида 5,9 магнитудали зилзила содир бўлди. Оқибатда 816 киши жабрланиб, уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят губернатори Муҳаммад Садег Мотамедянга таяниб, IRNA агентлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, зилзила эпимаркази Хой шаҳридан 23 км узоқликда, 43 км чуқурликда жойлашган.
Мотамедяннинг сўзларига кўра, 64 киши шифохонага ётқизилган.
Расмий маълумотларга кўра, зилзила оқибатида икки шаҳар ва 70 дан ортиқ қишлоқдаги биноларнинг 20 фоиздан 50 фоизигача вайрон бўлган. Шунингдек, 30 та қишлоқда электр таъминоти узилган.






