Бироз аввал бугун Human.uz сайти директори Хуршид Далиев, сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари — жами етти киши нашрнинг Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисидан олиб кетилган ҳақида хабар берган эдик.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги расмий муносабат билдирди.
" Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Рақамли технологиялар вазирлигига тегишли сўровларни юборди.
Аниқланишича, прокуратура органларига фуқаролардан ушбу интернет нашрда ишловчи ходимлар билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларга асосан Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уйда тезкор тадбир ташкил этилган. Тез орада батафсил маълумот берилиши таъкидланди" дейилади хабарда.
Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлигининг маълумотига кўра, human.uz веб-сайти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи Реестрига киритилмаган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ундан фойдаланилишига чек қўйилмаган.
АОКА ҳуқуқни муҳфаза қилувчи органларини human.uz интернет-нашри ходимлари билан боғлиқ вазиятда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишига ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишига чақирди.
Ҳолат бўйича Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев айрим маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва сайт масъулларидан ташқари давлат ташкилотларида ишловчи бошқа шахслар ҳам процессуал тартибда ушланган.
"Манбаларимизнинг берган хабарига кўра, сайт маъмурияти сайт ходимлари сифатида эмас, Kompromatuzb Телеграм канали админстраторлари сифатида қўлга олинган.
Бундан ташқари, ушбу канал админстраторлари орасида бошқа ташкилот вакиллари ҳам борлиги айтилмоқда. Уларнинг шахсини ҳозирча аниқлаштириш имкони бўлмади.
Айтишларича, ушбу канални юритувчи шахслар товламачилик, солиққа оид жиноятларни содир этиш ва бошқа шу каби иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.
Нашр офиси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қуйи Чирчиқ тумани бўлими томонидан муҳрланган" деб ёзади блогер.






