АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Самарқандда мигрантлар учун иккинчи ресурс марказини очди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Одам савдосига қарши курашиш бўйича Самарқанд қуйи комиссияси ва «Истиқлол авлоди» нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида мигрантлар ва уларнинг оилалари учун иккинчи ахборот-маслаҳат марказини очди. Марказ меҳнат мигрантларини чет элда одам савдоси жабрланувчисига айланишининг олдини олиш учун ахборот билан таъминлайди. Шунингдек, қайтиб келган мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, касб-ҳунар таълимини ташкил қилади ва психологик хизмат кўрсатади.
Марказнинг очилиш маросимида сўзга чиққан USAID’нинг Ўзбекистондаги миссияси демократия ва бошқарув бўлими директори Фей Хазелкорн USAID, Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
«Марказ ‘ННТлар уйи’да жойлашган бўлиб, мигрантлар, уларнинг оилалари ва одам савдосидан омон қолганларни ҳам фуқаролик жамияти, ҳам ҳукумат кўрсатиши мумкин бўлган хизматлардан фойдаланишига ёрдам беради», — дея қўшимча қилди Хазелкорн.
Маълумот учун, 2022 йилнинг март ойида USAID Жиззахда мигрантлар ва мигрантларнинг оилалари учун биринчи ахборот-маслаҳат марказини очган эди. Ўшандан бери Жиззах маркази одам савдосининг потенциал жабрланувчилари ва мигрантлар оилаларининг 120 га яқин мурожаатини кўриб чиқди ва одам савдосидан жабр кўрган 16 кишига ватанга қайтишда ёрдам кўрсатди. Қолган барча мурожаат этувчиларга маслаҳатлар берилиб, юридик ва ижтимоий хизматлар кўрсатилди.
Ушбу ресурс марказлари Winrock International томонидан амалга оширилаётган USAID’нинг Марказий Осиёда хавфсиз миграция дастурининг бир қисмидир. Дастур одам савдосининг олдини олишга, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилишга ва хабардорликни ошириш орқали хавфсиз миграцияни тарғиб этишга қаратилган.






