Озарбайжоннинг "Азал" авиакомпанияси Урганч ва Бокуни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлайди. Биринчи мунтазам йўловчи рейси 2023 йил 28 январга мўлжалланган. Рейслар Аирбус А320 самолётларида ҳафтада бир марта — шанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Хабарда айтилишича, Урганч шаҳри Озарбайжон авиаташувчиси парвоз қила бошлаган Ўзбекистондаги тўртинчи шаҳар бўлади. Бокудан Тошкентга рейслар ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Бокудан Самарқандга — сешанба ва пайшанба кунлари. Бокудан Фарғонага — пайшанба кунлари.
Маълумот учун, 1992 йилда ташкил этилган Озарбайжон Ҳаво Йўллари (Азал) йирик авиаташувчи бўлиб, Боеинг ва Аирбус самолётларининг замонавий паркига эга бўлган МДҲ мамлакатлари авиация ҳамжамиятидаги етакчилардан бири ҳисобланади.






