АсосийJamiyat

Азиз Абдуҳакимов масъулларни дарахтларни асраб-авайлашга чақирди

'Азиз Абдуҳакимов масъулларни дарахтларни асраб-авайлашга чақирди'ning rasmi

Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов барча ҳудудлардаги масъулларга шикастланган дарахтларга ёрдам бериш, яъни ҳар бир қулаган дарахтни асраб-авайлаб, тиклаш мақсадида таянч тиргаклари ўрнатишга доир топшириқ берилганини маълум қилди. Бу ҳақда вазир ўзининг телеграм каналида ёзди

"Шу кунларда Ўзбекистонда кузатилаётган кучли қор ёғиши ва паст ҳарорат, афсуски, кўкаламзорлаштиришга, айниқса, игнабаргли дарахтларнинг айрим турлари ва кенг баргли дарахтларнинг ёш кўчатларига салбий таъсир кўрсатди. Тупроқнинг намлик билан ҳаддан ташқари тўйинганлиги, шунингдек, мўл-кўл қор массаси туфайли дарахтлар қаттиқ эгилиб, уларнинг аксарияти қулаганига гувоҳ бўляпмиз. Шаҳарларимиз кўчаларидаги яшил майдонлар республикамизнинг бебаҳо экологик, рекреацион ва имидж бойлиги эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман.

Маълумки, минимал миқдордаги ўсимликларга эга бўлган урбанизациялашган муҳит фуқароларнинг жисмоний ва руҳий фаровонлигига таъсир кўрсатади, чарчоқ, асаб тизимининг бузилишини келтириб чиқаради, қариялар, болалар, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғига жиддий таҳдид солиши мумкин ва умуман, ҳар бир инсоннинг жисмоний ҳолатига салбий таъсир қилади".

Шунингдек, Орол фожиаси туфайли янада кучайган қуруқ, иссиқ иқлим шароитида ҳар бир дарахт, ҳар бир бута экологик мувозанат ва фуқаролар саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга эканини қўшимча қилди.

"Шу боис, барча ҳудудлардаги масъулларга шикастланган дарахтларга ёрдам бериш, яъни ҳар бир қулаган дарахтни асраб-авайлаб, тиклаш мақсадида таянч тиргаклари ўрнатишга доир топшириқ берилди.

Фурсатдан фойдаланиб, қорли кунларда дарахтлар тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз ва табиатни асрашга доир акциялар ўтказаётган ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шунингдек, барча фуқароларимизни уйлари яқинидаги ва маҳаллаларидаги қулаган дарахтларни имкон доирасида тиклашга чақирамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида мавжуд қушларга ғамхўрлик қилиш, уларга дон улашиш ва уялар қуришга чорлаб қоламиз.

Шу йўл билан биз табиат ресурсларимизни асраб, шаҳарларимизни янада обод бўлишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз", — деди вазир.

    Бошқа янгиликлар