Толибон Афғонистонда хизмат қилаётганда 25 кишини ўлдирганини тан олган Британия шаҳзодаси Гаррининг ҳарбий жиноятларини тергов қилишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда афғон гуруҳи вакили Суҳайл Шаҳин маълум қилган.
Гап Гарри Афғонистон жанубида жойлашган Кэмп Бастион базасида ҳарбий хизматни ўтаган 2012-2013 йиллар ҳақида кетмоқда. Ўшанда Гарри "Apache" вертолётини бошқарган ва 25 жангарини йўқ қилишга муваффақ бўлган. Шаҳзода яқин атрофда тинч аҳоли йўқлигига амин эканлигини айтган.
У ўз хотираларида “Буюк Британияга бутун аъзоларим билан қайтишни истардим, лекин бундан ҳам кўпроқ виждоним тоза ҳолда ватанга қайтишни хоҳлардим”, деб қайд этган.
Шаҳин Sky News телеканалига берган интервьюсида ҳалок бўлганларни “Афғон озодлиги учун курашувчилар” ва шаҳзодани инглиз босқинчиси деб атаган. Шундай қилиб, шаҳзода Гарри инсониятга қарши жиноят қилган бўлиб чиқмоқда.
“Улар халқ қаҳрамонлари эди, сиз эса уларнинг душмани эдингиз”, деб қўшимча қилган маърузачи.






