АсосийJamiyat

Диққат! Ўзбекистонда психотроп дори оздирувчи дори деб сотилмоқда

'Диққат! Ўзбекистонда психотроп дори оздирувчи дори деб сотилмоқда'ning rasmi

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда оздирувчи маҳсулот сифатида “Фатзорб” номли дори воситасини сотишмоқда. Бу ҳақда хабар қилган Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати фуқароларни огоҳликка чақирмоқда.  

Маълум қилинишича, ушбу дори таркибида “Сибутрамин” моддаси мавжуд бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сон Қарорининг 1-иловасига мувофиқ кучли таъсир қилувчи модда ҳисобланади. Кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Мана шундай бир гуруҳ “шоввоз”лар ижтимоий тармоқларда оздирувчи маҳсулотлар савдоси билан шуғулланишлигини маълум қилиб, саҳифа очгани ва кучли таъсир қилувчи моддаларни онлайн савдоси билан шуғулланаётгани аниқланган. Жорий йилнинг 5 январ куни Сергели тумани Обиҳаёт кўчасида 1992 йилда туғилган Д.С. ва 1993 йилда туғилган К.С.лар 600.000 сўм эвазига 180 дона “Фатзорб” номли дори воситасини сотаётган вақтида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ушланган. Шунингдек, К.С. бошқарувидаги автомашина холислар иштирокида текширилганда яна 72 дона “Фатзорб” номли дори воситаси аниқланган ва ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

“Ҳар қандай дори воситасини сотиб олишдан ва уни истеъмол қилишдан аввал шифокорлар билан маслаҳатлашинг. Шифокорларнинг тавсияси бўлмаса, ҳеч қайси дори воситаларини истеъмол қилманг. Унутманг, нотўғри қўлланилган, истеъмол қилинган дори инсон соғлиғига зиён етказиши мумкин”, - дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар