Бухоро—Тошкент йўналишидаги "Афросиёб" тезюрар поезди носозлик сабаб Чинозда тўхтаб қолди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йил 1 январь куни Бухоро—Тошкент йўналишидаги 769-сонли "Афросиёб" юқори тезликда ҳаркатланувчи электропоезди электр кучланишли сим тармоғидаги носозлик сабабли Янги Чиноз—Чиноз перегон оралиғида тўхтаб қолган.
Йўловчиларни манзилга хавфсиз етказиб келиш мақсадида 20:35 да Тошкент Шимолий вокзалидан захира "Афросиёб" электрпоезди жўнатилган ва ушбу поезд Чиноз бекатига 21:05 етиб борган. 269 нафар йўловчи захира поездига хавфсиз ўтказилган ва поезд Тошкент-Марказий вокзалига 22:05да етиб келган.
"Йўловчиларга йўл давомида қўшимча иссиқ чой-кофе ва озиқ-овқат бепул тарқатилди. 269 нафар йўловчига чипта нархи тўлиқ қайтариб берилади", — дейилади хабарда.






