83 ёшли Ирисой онанинг тақдири кўплаб синовлар орасида кечди. Ирисой она ярим аср аввал Чимкентдан Фарғонанинг Бешариғига келин бўлиб тушди. Турмуш ўртоғи Мўминбой ака билан ҳаётнинг яхши кунлари-ю, турли-туман қийинчиликларини бирга енгишди. Улар олдида сабот-матонат билан тик турди. Бироқ ҳаётнинг энг катта синови – улар фарзанд кўришмади. Бир умр тирноққа зор бўлишини била туриб, улар ўз оиласини бузишмади, буни ор деб билишди. Мўминбой ота 2007 йили вафот этди.
Ҳозирда Ирисой она қайин синглисининг келини Хулкаройнинг қарамоғида. Келиннинг куни бўйи ишлашга шароити йўқ. Сабаби, у вояга етмаган 3 фарзандининг парвариши билан ҳам банд. Турмуш ўртоғи кунлик ёлланма ишчи. Доимий даромадлари йўқ. Кўриб турганингиздек, яшаш шарт-шароитлари ҳам жуда оғир.
“Тўғри, ҳаётимиз оғир, лекин биз шукур қиламиз, нолимаймиз... бошимизга тушган ҳар бир иш учун сабр қиламиз”, дейди Ирисой она.






