АсосийJamiyat

Каттақўрғон ҳокимлиги шу кунгача 160 млн сўмдан зиёд компенсация пулларини тўламай келганлиги аниқланди

'Каттақўрғон ҳокимлиги шу кунгача 160 млн сўмдан зиёд компенсация пулларини тўламай келганлиги аниқланди'ning rasmi

Каттақўрғонлик 2 нафар фуқаронинг "Кадан" чорраҳасида жойлашган дўконлари туман ҳокимининг қарори билан бузиб ташланиб, ўрнига  компенсация пули тўлаб берилмагани аниқланди. Компенсация пулининг умумий қиймати 160 миллион сўмдан ошади. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси матбуот котиби хабар қилди. 

Маълум қилинишича, каттақўрғонлик фуқаронинг гўшт дўкони туман ҳокимининг қарори билан бузиб ташланиб, дўкон ўрнига компенсация пули тўлаб берилмади. Фуқаро С.А. ҳокимликнинг мазкур хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Каттақўрғон туман адлия бўлимига ёзган мурожаати ўрганилганда тўланиши лозим бўлган компенсация пули инфляцияни ҳисобга олиб жами 71 миллион 58 минг 593 сўмни ташкил этиши маълум бўлди. 

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори талаблари асосида Каттақўрғон туман ҳокимининг 2019 йил 25 февралдаги 1034-Қ-сонли қарорининг 3-бандида капитал реконструкция қилиш ва қайта қуриш жараёнида ҳудудда жойлашган турар-жой биноларни ўрнида замонавий лойиҳалар асосида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши муносабати билан ишчи гуруҳ томонидан бузилишга тушган биноларни хатловдан ўтказиш, уларни амалдаги тартибга кўра баҳолатиш ҳамда компенсация тўловларини қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этиш белгиланган бўлса-да, бироқ ишчи гуруҳ томонидан юклатилган вазифалар бажарилмаган.  

Туман адлия бўлими томонидан мурожаат батафсил ўрганилиб, мурожаатда кўрсатилган масалалар ўз тасдиғини топди. Шунингдек, мазкур масалада ҳокимликка фуқарога тегишли бузилган гўшт дўкони ўрнига қанча ер майдони ажратилгани ва компенсация тўланганлиги тўғрисида киритилган сўров хатига ёзма маълумот тақдим этилмаган. Бундан ташқари, Кадастрлар палатаси туман бўлими томонидан тақдим этилган хатда ҳам ушбу фуқаронинг бузилган дўкони ўрнига ер майдони ажратилгани тўғрисида маълумот мавжуд эмаслиги баён қилинган. Бундан кўринадики, бир фуқаронинг ҳуқуқлари очиқ-ойдин бузилган. Агар у адлияга мурожаат қилмаганида қонуний ҳақ-ҳуқуқлари бузилганича қоларди. 

Ҳудди шундай ҳолат фуқаро Ғ.Ҳ билан ҳам такрорланган. Унинг "Кадан" чорраҳасида жойлашган савдо дўкони бузилиб, тегишли компенсация пули қоплаб берилмаган. 

Фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб, Каттақўрғон туман адлия бўлими Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туман судига даъво аризаси киритди ва суд ишни батафсил кўриб чиқиб, аризани қаноатлантириш, фуқаро С.А. фойдасига 71 миллион 58 минг 593 сўм, Ғ.Ҳ. фойдасига 89 миллион 220 минг 315 сўм компенсация пулларини ундириш ҳақида қарор қабул қилди. 

Адолат қарор топади, деб бежизга айтишмайди. Ўз қонуний ҳақ-ҳуқуқларини билувчи, шунинг баробарида қонун талаблари устун бўлишини истаган инсонлар бор экан, қонун устуворлиги намоён бўлиб бораверади.

    Бошқа янгиликлар