АсосийJamiyat

25 ёшгача бўлганларни ишга қабул қилганда, тадбиркорлар 6 ой давомида ижтимоий солиқдан озод қилинди.

'25 ёшгача бўлганларни ишга қабул қилганда, тадбиркорлар 6 ой давомида ижтимоий солиқдан озод қилинди.'ning rasmi

Президент йиғилишида кун тартибидаги асосий масала – аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди.  Бу ҳақда  Президент матбуот котиби хабар бермоқда.

Йил бошидан тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда 2 миллион аҳолининг доимий бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, 4 миллиондан зиёд аҳоли мавсумий меҳнат орқали даромадли бўлди. Жумладан:

- оилаларга деҳқончилик учун тарқатилган 100 минг гектар ерларда, 1 миллион 200 минг аҳоли доимий ва мавсумий банд бўлди.  

- ҳудудларда корхоналар 85 мингтага кўпайиб, уларнинг сони 550 мингтага етди. Бунинг ҳисобига 2022 йилда даромад солиғи тўлаётган расмий банд бўлганлар сони 400 мингтага ошди. Шунингдек, 3,5 мингта саноат лойиҳаси ишга туширилиб, 160 мингта доимий иш ўрни яратилди;

- Янги Ўзбекистон массивлари қурилаётгани, ипотека ва қурилиш бозори кенгайгани ҳисобига бу йилнинг ўзида 4,5 мингта янги қурилиш корхонаси ташкил этилди ва 135 минг доимий иш ўрни яратилди;

- туризм ва сервис соҳаларида йирик хизмат кўрсатиш марказлари ишга тушгани, сервис-савдо кўчалари, туризм қишлоқлари ташкил қилингани, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилингани, иш вақтига чекловлар олиб ташлангани ҳисобига 1,5 миллион аҳоли қўшимча даромадли бўлди;

- йўловчи ташиш, риэлторлик, дурадгорлик, кулолчилик, уйда сут маҳсулотлари тайёрлаш каби 79 та фаолият тури бўйича ўзини ўзи банд қилиш имконияти яратилгани натижасида бу йили 914 минг нафар фуқаро рўйхатдан ўтиб,  ўзини ўзи банд қилганлар сони 2 миллионга яқинлашди.  

Яқинда Сирдарё, Навоий ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари ҳисоб-китоблар билан кейинги йилда “ишсизликдан ҳоли ҳудуд”га айлантириш бўйича ўзига мажбурият олди.  

Бошқа вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам 20 декабргача келгуси йил аҳолини банд қилиш дастурини қабул қилиши шартлиги таъкидланди.

Яратилган имкониятларга қарамасдан, айрим ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари яхши эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

2022 йил давомида доимий бандлар сони Китоб, Косон, Мирзаобод, Нарпай, Нишон, Фурқат туманларида камайган.

Тегишли вилоят ҳокимларига уч кун муддатда ушбу туман ҳокимларга нисбатан чора бўйича таклиф бериш топширилди.

Хусусий секторда фаолият кўрсатаётган  232 мингта корхонада ишчилар сони бор-йўғи 1 нафарни ташкил қилади. Бу дегани, улар ҳалиям “яширин иқтисодиёт” шароитида ишлаб, “конверт”да ойлик тўлаб келмоқда.  

Бундай ҳолат 47 та туманда энг юқори. Мисол учун, Нукус, Зарбдор, Миришкор, Музработ, Каттақўрғон туманларида – 80 фоиз, Жондор, Косон, Ургут, Пастдарғом, Учқўрғонда – 75 фоиз, Гулистон, Наманган, Қўшкўпир туманларида – 70 фоиз корхоналарда 1 та иш ўрни кўрсатилган.

Чакана савдо, йўловчи ва юк ташиш, қишлоқ хўжалиги хизматлари, меҳмонхона, ошхона, Ай-Ти, автомобиль таъмирлаш каби фаолиятлар бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилган.

Ушбу 47 та тумандаги корхоналарнинг ярмидан кўпи айнан шу фаолиятлар билан шуғулланади.

Лекин, бу туманлардаги корхоналар адолатли солиқ тўлаш ва давлат билан ҳамкорликка ўта олмаяпти.

Шунингдек, 25 ёшгача бўлганларни ишга қабул қилганда, тадбиркорлар 6 ой давомида ижтимоий солиқдан озод қилинди.

"Бу имтиёзлар айнан туманларда тадбиркорликни ривожлантиришга туртки беришга қаратилган-ку!

Лекин, ушбу туманларнинг ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ раҳбари нима билан банд? Нима учун, 70-80 фоиз корхоналарида 1 нафардан ходим ишлаётгани билан бирор марта қизиқиб кўрмаган?", - сўради давлатимиз раҳбари.

Вилоят ҳокимларига масъул идоралар билан биргаликда бир ой муддатда бу 47 та туманда сўров ўтказиб, ҳар бирига алоҳида ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.

    Бошқа янгиликлар