Вашингтонда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу раҳбарлик қилди.
«Кун тартибига мувофиқ сиёсат ва минтақавий мулоқот соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бугунги кунда очиқ мулоқот ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон-Америка кўп қиррали ҳамкорлигининг жадал ривожланиши мамнуният билан қайд этилди», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Шунингдек, Ўзбекистон жиддий муаммоларга қарамай, Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан ва жуда муваффақиятли ислоҳотлар йўлида давом этаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, делегациялар асосий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликни муҳокама қилдилар ва Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратдилар.
«Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга ‘C5+1’ дипломатик платформасида фаол иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди ва ушбу форматнинг муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ва янада обод ва хавфсиз Марказий Осиёни барпо этишдаги аҳамиятини таъкидлади», — дейилади ТИВ хабарида.
Шунингдек, учрашувда рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт, сув ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича ташаббуслар кўриб чиқилди ҳамда иштирокчилар икки мамлакат компаниялари дуч келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш юзасидан фикр алмашдилар.
«2023 йил Самарқандда АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ва инвестициялар бўйича доиравий шартномаси (TIFA) кенгаши мажлисига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар ТИФА иқтисодий кун тартибини шакллантириш учун ҳар икки томоннинг идоралари иштирокида доимий ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.
Америка томони ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонга ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлиги ҳақида хабар берди.
‘Инсон ўлчови’ сессияси давомида АҚШ вакиллари Ўзбекистонда демократик институтларни мустаҳкамлаш, сўз ва дин эркинлигини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва гендер тенглигини таъминлаш борасида эришилган ютуқларни ижобий таърифладилар», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, томонлар маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилди. АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистонда таълим соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди Шунингдек, илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мажбурияти тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, IT, қишлоқ хўжалиги, сейсмология ва бошқалар истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган.
Учрашув якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди.






