Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида ўз хизмат вазифасини бажараётган МИБ ходимлари қарздор фуқаролар ва уларнинг яқинлари томонидан калтакланди. Бу ҳақда darakchi.uz'га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 9 декабрь куни Бюронинг Кўкдала туман бўлими давлат ижрочилари Э.И. ва У.Ю. Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг 2022 йил 22 апрелдаги қарорига кўра, жавобгар ака-укалар — Р.Э. ва Р.Э.ларнинг ҳисобидан даъвогар А.Қ.нинг фойдасига жавобгарларнинг ҳар биридан 4.8 миллион сўм моддий ва маънавий зарар ундириш учун борган.
Қарздор Р.Э. МИБ ходимлари олдига бошқарувида бўлган Nexia автомобилида келган пайтда МИБ ходимлари қарздорлик эвазига автомобилни хатламоқчи бўлган. Бунга жавобан қарздор Р.Э. ва унинг маст ҳолатида бўлган қарздорнинг отаси А.Э. хизмат вазифасини бажаётган бюро ходимларига нисбатан фаол қаршилик кўрсатиб, уларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, давлат ижрочиларига оёқ ва қўллари билан тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Кўкдала тумани прокурори томонидан А.Э. га нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, у ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.






