Президент Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади.
Давлат раҳбари ҳалол пешона тери, фидокорона меҳнати билан ердан ноз-неъмат ундириб, ҳаётимизга қут-барака, файзу қувонч олиб кираётган миришкор деҳқонларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан муборакбод этар экан, соҳада қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиши кутилаётганлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, соҳани барқарор ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигида сув таъминотини яхшилаш, сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар бошланади.
Хусусан, пахтачилик ва ғаллачиликда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, илмий асосда маҳсулот етиштириш, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини ошириш чоралари кучайтирилади.
Шу билан бирга, маҳаллий шароитга мос, арзон қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, уларни фермер ва деҳқонларимизга имтиёзли шартларда етказиб бериш, субсидиялар ажратиш ва қўшимча молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилади.
Қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатиш сифати ва даражасини ошириш, амалиёт ва илм-фан интеграциясини мустаҳкамлаш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бандликни таъминлаш мақсадида бошланган ижобий тажриба давом эттирилиб, деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун қўшимча 100 минг гектардан ортиқ ер аҳолига тарқатилади.
"Қадрли юртдошлар!
Мана шу қувончли айёмда ўзининг фидокорона меҳнати, бой билим ва тажрибаси билан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожини янги босқичга олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган деҳқон ва фермерларимиз, агрокластерлар раҳбарлари ва ходимларига, соҳада меҳнат қилаётган барча ватандошларимизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, эзгу фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.
Доимо меҳнатингизнинг роҳатини кўриб юринг!
Ҳеч қачон кам бўлманг, азизларим, қадрдонларим!", дейди давлат раҳбари.






