22 декабрдан Эроннинг "Qeshm Air" авиакомпанияси Теҳронни Ўзбекистоннинг икки шаҳри — Тошкент ва Самарқанд билан боғлайди. Бу ҳақда "UZBEKISTAN AIRPORTS" хаба бермоқда.
Парвозларнинг очилиши Ўзбекистон ва Эрон раҳбарияти ўртасида, жорий йил сентябрь ойида Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раийсининг мамлакатимизга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувлар самараси бўлган. Хусусан, ташриф давомида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида бир қатор виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва сайёҳлик оқимини кучайтиришга қаратилган туризм соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.
Таъкидланишича, 22 декабрдан "Теҳрон — Тошкент — Олма-Ота-Теҳрон" ва "Теҳрон — Самарқанд — Теҳрон" йўналишларида тўғридан-тўғри мунтазам қатновлар йўлга қўйилмоқда. Парвозлар қулай "Airbus 320" самолётларида, дастлаб ҳафтасига бир марта амалга оширилади. Кейинчалик, йўловчилар томонидан йўналиш ижобий қабул қилинса, рейслар сонини кўпайтириш режалаштирилмоқда.
1993 йилда ташкил этилган "Qeshm Air" — штаб-квартираси Теҳронда жойлашган Эрон авиакомпанияси бўлиб, маҳаллий ва халқаро, шунингдек, чартер йўловчи рейсларини амалга оширади.






