Бугунги об-ҳавода ходимлар ишга кеч қолишса, уларга нисбатан жазо чораларини кўриш қанчалик тўғри? Бу ҳақда амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев ўзининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирди:
Бугундан қиш ҳақиқий қишлигини бошлади. Қалин қор. Транспорт, айниқса, жамоат транспорти ҳаракатларида жиддий ноқулайликлар юзага келмоқда. Автомобилларга газ қўйиш шахобчалари тўхтаб қолган. Турган гапки, бунақанги шароитда ишчи ва хизматчилар ишхонага ўз вақтида келишлари қийин бўлади.
Ҳозир менга алоқа чиқишди. Бир ташкилотда 10 дақиқа кеч қолган ходимдан тушунтириш хати олиб, унга жарима қўйишмоқчи бўляпти экан. Қаранг, қандай оператив-а булар.
Дўстларим, шундай вазиятларда амалдаги Меҳнат кодексининг 182-моддасидаги мана бу қоидаларга қараб қўяйлик:
- интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Яъни, бу ерда интизомий жазо ҳақида ўйлашдан олдин, “шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият” деган омилга ҳам қараш керак. Ҳамда қалин қор ёққани ва ноқулай об-ҳаво сабабли транспорт қатновида қийинчилик юзага келганлиги учун ишга кеч қолган ходимларга интизомий жазо қўлламаслик керак.
Албатта, ишга кеч қолган ходимлардан тушунтириш хати олиниши қонуний талаб, бироқ ходимлар ҳам узрли сабаб сифатида ноқулай об-ҳаво ва шунинг ҳисобига юзага келган қийинчиликларни келтиришлари мумкин. Бунақанги ҳолатларда раҳбарлар ҳам кўнгилларини бироз кенгроқ қилганлари маъқул деб ўйлаймиз.
Ҳуллас, ҳозиргидек об-ҳаво сабаб ишга кеч қолган ходимларга интизомий жазо қўлламаслик энг тўғри йўл деб ҳисоблаймиз. Аксинча, бу вазиятни ҳисобга олмаган иш берувчиларнинг ҳаракатларини оқлаш инсофдан бўлмайди.






