Ўзбекистонда совуқ тушиши билан газ ва "свет" яна бош мавзу — муаммога айланди. Ижтимоий тармоқларда республиканинг турли ҳудудларидан иссиқлик энергияси тақчиллиги юзага келаётгани акс этган видео ва хабарлар пайдо бўлмоқда.
Куни кеча, ушбу масалада матбуот анжумани ташкил этилиб, қатор ҳолат ва саволларга изоҳ ва жавоблар берилди. Жумладан, электр энергиясини 1 соатдан ортиқ ўчирган масъулларга чора кўрилиши ҳақида таъкидланди. Бугундан эса Тошкентнинг марказий кўчаларида тунгги пайтларда ёритиш чироқлари ўчирилиши маълум қилинди. Бироқ, ҳамон муаммога ечим топилмади. Ҳолат бош мавзуга айланиб турибди.
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров газ ва электр борасида ўз мулоҳазаларини келтириб ўтди.
Депутатга кўра, Автосаноатда монополия тугамаса автомашина нархлари ўзгармаганидек, энергетикада ҳам монополия тугамас, нархлар ўзгармас экан, аҳолини газ ва электр билан таъминлашда сифат ўзгармайди.
"Изоҳ бераман… Сифатли таъминот учун яроқли тармоқлар бўлиши керак. Тармоқлар яроқли бўлиши учун мунтазам ва қиммат таъмир ишлари талаб қилинади. Бу бюджет учун оғир, қарзга қилиш - тешик идишга сув қуйгандек гап, инвесторлар эса давлат билан шерикчилик қилишни исташмайди. Энергия сотиш компаниялари ўзи даромад кўрмагунича соҳада ўзгариш бўлмайди.
Газ ҳам электр ҳам бор, етмаса сотиб олиш имконияти бор, лекин минглаб километр симлар ва трубалар эскириб кетган. Аҳолини электр ва газ билан таъминлашдаги муаммо ресурс етишмовчилиги эмас, бошқарув ва таъминот тизимини эскирганида. Истаганингизча Энергетика вазирини (ёки мени, фарқи йўқ) танқид қилишингиз мумкин, соҳада ҳаммамиз учун оғир ва оғриқли, вақт талаб қиладиган ислоҳотлар бўлмас экан, муаммо тураверади", - деб ёзади партия етакчиси.
Нега шаҳарлардан кўра қишлоқларда кўпроқ свет ўчади? (видео)






