АсосийJamiyat

Тошкентдаги баъзи банкоматларда рекламалар пайдо бўлмоқда (видео)

'Тошкентдаги баъзи банкоматларда рекламалар пайдо бўлмоқда (видео)'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани “Наврўз” деҳқон бозоридаги “Алоқабанк”нинг HUMO картаси банкоматига карта солинганидан сўнг, ушбу банкнинг автокредит рекламаси қўйилаётганлиги тўғрисида видео тарқалди.

Мазкур ҳолат кенг муҳокамага сабаб бўлиб, бу каби рекламалар туфайли инсонларнинг қимматли вақти ўғирланиши айтилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мазкур мурожаат бўйича расмий баёнот билан чиқди.

"Амалдаги қонунчиликка кўра, банкомат — банк пластик картаси сақловчисига ўз-ўзига хизмат кўрсатиш режимида нақд пулдаги ва бажарилган бошқа операциялар бўйича слипларни олиш, шунингдек банк пластик картаси орқали асосий ва қўшимча операцияларни амалга ошириш, жумладан маблағларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, банк пластик картасининг баланси ва банкдаги ҳисобварақ қолдиғи ҳолати тўғрисида ахборот олиш ва паролларни ўзгартириш имконини берувчи электрон-механик мослама ҳисобланиб, банкоматлардан ўз-ўзига хизмат кўрсатиш каби масофавий банк хизматлари кўрсатишда фойдаланилади", — дейди агентлик.

Маълум қилинишича, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасига асосан, реклама, тарқатилиш шаклларидан ёки воситаларидан қатъи назар, уни реклама сифатида идентификация қилиш мумкин бўладиган тарзда бошқа ахборотдан ажратилган бўлиши кераклиги белгиланган.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг:

  • 4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳамда ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши ҳуқуқига эгалиги;
  • 12-моддасига мувофиқ, истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат амалдаги нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги;
  • 19-моддасига мувофиқ, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги;
  • 21-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
  • “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 65-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, банк шахсни банкнинг хизматидан ёки маҳсулотидан фойдаланиш шарти сифатида банкнинг ёки ўзга учинчи шахснинг бошқа банк хизматидан ёки маҳсулотидан фойдаланишга мажбур қилмаслиги керак.

"Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ушбу мурожаат юзасидан ўрганишлар олиб бормоқда ва натижаси бўйича батафсил маълумот берилишини билдиради", — дейилмоқа.

    Бошқа янгиликлар