Жанубий Корея АҚШга артиллерия снарядлари сотиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Аммо Сеул уларнинг кейинчалик Украинага етказиб берилишига қарши. Бу ҳақда "Zamon.uz" "BBC News" га таяниб хабар бермоқда.
Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Жанубий Корея Киевга ҳарбий ёрдам масаласида босиқлик кўрсатмоқда.
“АҚШнинг 155 ммли снарядлари захирасини тўлдириш учун Америка ва Жанубий Корея компаниялари ўқ-дори экспорти бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу фақат АҚШ фойдаланиши шарти билан амалга ошириляпти”, – деган Жанубий Корея мудофаа вазирлиги амалдори.
Владимир Зеленский бир неча бор расмий Сеулни Украинага ҳарбий ёрдам беришга чақирганди. Аммо Президент Юн Сок Ёль октябрда Киевга ҳужумкор қуроллар тақдим этилмаслигини маълум қилганди.
Экспертларнинг фикрича, Жанубий Корея АҚШ иттифоқчиси бўлишига қарамай, иқтисодий омилларни ҳисобга олган ҳолда Москва билан алоқаларини ёмонлаштирмоқчи эмас. Бундан ташқари, Сеул Кремлнинг КХДРга таъсири масаласини ҳам инобатга олмоқда.






