Қўқондаги ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум вафот этди. Бу ҳақда хабар берган Фарғона вилоят ИИБга кўра, унинг ўлимига юрак касаллиги сабаб бўлган.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2022 йил 1 июндаги ҳукми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва пробация ҳисобига олинган маҳкум Р.Н. ўрнатилган чекловларни бузиб, белгиланган ҳудудни тарк этган. Кўрилган чоралар натижасида 2022 йил 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ушланган. Шу куни Қўқон шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни соат 02:56 ларда маҳкум Н.Р. ўзини ёмон ҳис қилганлиги учун хонадоши назоратчи ходимларни ёрдамга чақирган. Ҳибсхона ходимлари, муассасага ўрнатилган кузатув камераси орқали ҳолатни кўриб, зудлик билан тез-тиббий ёрдамга мурожаат қилишган. Муассасага етиб келган тиббиёт ходимлари, соат 03:16да маҳкумнинг ўлимини қайд этишган.
Қўқон туманлараро суд-тиббий экспертиза бўлимининг 2022 йил 8 ноябрдаги дастлабки ташхисига кўра, марҳум Р.Н.нинг ўлимига “юракни сурункали ишемик касаллиги, юрак тож қон-томирларининг ўткир етишмовчилиги” сабаб бўлган. Марҳумнинг баданида тан жароҳатлари аниқланмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун: Фуқаро Р.Н.га нисбатан 2021 йил 23 мартда ЖИБ Қўқон шаҳар суди томонидан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2021 йил 15 октябрь куни ЖИБ Пискент тумани суди томонидан Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 1 йил 1 ой 22 кун озодликдан маҳрум этиш жазо муддати аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. 2022 йил 1 июнь куни ЖИБ Қўқон шаҳар суди томонидан Жиноят Кодексининг 46-моддаси 4-қисмига асосан ўталмай қолган кунлари сутканинг соат 21:00 дан 06:00 қадар яшаш хонадонидан чиқмаслик жазосига алмаштирилган.
Мазкур ажрим Қўқон шаҳар ИИБ Пробация бўлими томонидан рўйҳатга олиниб, маҳкумга ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда озодликдан чеклаш жазосини ўташ тартиб-қоидалари, жазодан бўйин товлаш оқибатлари, суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бузган тақдирда Жиноят Кодиксининг 48-модда прим 1-моддаси 6-қисмига асосан оғирроқ турдаги жазога алмаштирилиши тўғрисида огоҳлантирилган.






