АсосийJamiyat

Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Афғонистон масаласи ҳам муҳокама қилиниши кутилади

'Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Афғонистон масаласи ҳам муҳокама қилиниши кутилади'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, яқин кунларда Ўзбекистоннинг айни қизғин учрашувлар нуқтасига айланган Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти саммити бўлиб ўтади. Бугун саммит олдидан журналистлар учун матбуот анжумани ташкиллаштирилди.

Мазкур тадбирда Darakchi.uz' мухбири ҳам иштирок этиб, эксперт, мутасадди ва тадбир ташкилотчилари фикри билан қизиқди.

Маълум қилинишича, ТДТ савдо, транспорт, туризм, қишлоқ хўжалиги, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш каби муҳим йўналишларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли платформасига айланиши учун катта салоҳиятга эга.

Ушбу жиҳатдан қуйидагилар бугунги кунда ТДТ олдида турган устувор вазифалар сифатида кўрилади:

  • Савдо ҳажмини кўпайтириш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ишбилармон доиралар ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун шарт-шароитлар ва имкониятларни кенгайтириш;
  • Транспорт ва логистика соҳасида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
  • Йирик инфратузилма лойиҳаларини шу жумладан Туркий инвестиция фонди, ТДТ Тараққиёт банки лойиҳасини амалга ошириш;
  • Республикамизнинг турк дунёсида тутган тарихий ролига таянган ҳолда, ТДТ ва аффилланган тузилмалар (Турксой, ТуркПА, Халқаро туркий академия ҳамда Турк маданияти ва мероси жамғармаси) имкониятлари орқали Ўзбекистоннинг муҳим маданий-гуманитар ташаббусларини илгари суриш.


Қисқа қилиб айтганда минтақа мамлакатларининг иқтисодий ўсиши учун “драйвер” сифатида қараладиган транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ТДТ доирасидаги муносабатларда алоҳида ўрин тутади.

Шу жумладан, Туркий давлатларнинг тили ва дини муштараклиги, тарихий ва маданий алоқалари ТДТнинг ташкил этилиши ва ривожланишида мустаҳкам пойдевор бўлиб, бу уларнинг халқаро майдондаги мавқейини мустаҳкамлаш ва ушбу мамлакатлар халқлари миллий қадриятларини оммалаштириш имконини беради.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғининг маълум қилишича, саммит кун тартибидан Афғонистон масаласи ҳам жой олиши мумкин. 

Сабаби йирик транспорт, энергетика, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига гуллаб-яшнайдиган ТДТ макони келажакда қўшни давлатлар ва минтақалар, шу жумладан Афғонистонда ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун жуда яхши янгилик бўлади. 

Бу борада Darakchi.uz' мухбири Дилбар Абдунабиева мутасаддига юзланиб, айни борада муҳокама қилинадиган ишлар ёхуд имзоланиши кўзда тутилган ҳужжатлар билан қизиқди ва баъзи саволларга ойдинлик киритди.

— Афғонистон масаласи кўп йиллардан минтақа, бутун дунё миқёсида ҳам кўпдан бери, кенг муҳокама қилинаётган масала десак адашмаймиз. Хўш, бу борада бирор ҳужжат имзоланиши кутилмоқдами, ёки бу борада кун тартибидаги фақат муҳокамалардан иборатми?

Баҳромжон Сотиболдиев,
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи: 

— Биласизми, умуман олиб қараганда Афғонистон масаласини мазкур саммитга алоқаси йўқ деб айтилиши мумкин. Лекин биласизми, шимолий Афғонистонда кўп сонли ўзбек миллатига мансуб одамлар истиқомат қилади. Бундан ташқари туркманлар ва бошқа бир қанча миллатни инсонлар яшайди. Хоҳлаймизми–йўқми, келажакда туркий давлатларни дунё манзарасидаги ўрнинини топиши учун, савдо майдонларини кенгайтириш учун Афғонистоннинг барқарорлик ҳолатини ривожлантиришдан ҳаммамиз манфаатдормиз.  У жуда катта бозорга тарихан кўприк бўлиб келган давлат. Афғонистон туркий дунёнинг ажралмас қисми. Бу нуқтаи назардан айтишимиз керакки,  бу саммит доирасида маълум бир маънода шу Афғонистон атрофидаги масалалар ҳам кун тартибида кўриб ўтилса керак, деган мулоҳазаларимиз бор.

    Бошқа янгиликлар