Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 213-мактабнинг информатика фани ўқитувчиси ўқувчининг “акахонлари” томонидан калтаклангани ҳақидаги хабар тарқалди.
Миробод тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг ҳолат бўйича берган маълумотига кўра, воқеа жорий йилнинг 3 ноябрь куни тахминан соат 9.15 ларда, яъни танаффус вақтида содир бўлган.
Шу мактабни 2021 йил тамомлаган, Миробод туманида истиқомат қилувчи 2004 йилда туғилган Т. М. ҳамда унинг дўсти, шу туманда истиқомат қилувчи, 2004 йилда туғилган Ғ.Б. мактабнинг информатика ўқитувчиси билан гап талашиб, ўқитувчига тан жароҳати етказиб, воқеа жойидан қочиб кетишган.
Ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаро Т. М. 213-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Т. Мнинг акаси эканлиги аниқланган.
Ўқитувчи С.Ахмедов, М.Т.га 1-чоракда информатика фанини яхши ўзлаштирмаганлиги сабабли чорак баҳо қўймаслигини айтганидан сўнг, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. М.Т. ушбу ҳолатни акасига айтган. Акаси вазиятга ойдинлик киритиш учун ўртоғи билан мактабга келиб, ўқитувчига тан жароҳати етказган.
Ушбу ҳолатдан хабардор бўлган мактаб раҳбари ўша заҳотиёқ ИИОФМБ га хабар берган.
Ушбу нохуш ҳолат бўйича ҳозирги кунда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






