Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларига яна бир бор жиддий огоҳлантириш берди.
“Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз”, дейилган агентликнинг расмий телеграм каналидаги xaбарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.






