АсосийJamiyat

Хонанда Миродил Ҳакимов "Уйланамиз" қўшиғи учун 140 млн сўм жарима тўлайдиган бўлди

'Хонанда Миродил Ҳакимов "Уйланамиз" қўшиғи учун 140 млн сўм жарима тўлайдиган бўлди'ning rasmi

Аввалроқ, Фарғоналик шоир Эркин Йўлдош хонанда Миродил Ҳакимовдан «Уйланамиз» номли қўшиғига муаллифлик ҳуқуқини талаб қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Шундан сўнг хонанда шеърни муаллиф билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз омма эътиборига ҳавола қилгани учун жаримага тортилгани ҳам маълум қилинганди.

Жорий сентябрь ойида Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига «Уйланамиз» қўшиғининг шеър муаллифидан муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси келиб тушган. Бу ҳақда Андижон вилояти адлия бошқармаси хабар бермоқда.

Мазкур даъво аризаси бўйича фуқаролик иши қўзғатилиб, суд мажлиси 2022 йил 7 октябрга тайинланган. 7 октябрь куни суд мажлисига даъвогарнинг ишончли вакили келган, жавобгар келмагани сабабли суд мажлиси 12 октябрга қолдирилган. 12 октябрь куни суд мажлисига тарафлар келган ва улардан кўрсатмалар олинган. Жавобгар уларга низони тинч йўл билан ҳал қилиш учун муддат беришни сўраган ва даъвогар томони норози бўлмагани сабабли суд мажлиси 19 октябрга қолдирилган. Бироқ жавобгар белгиланган кунида суд мажлисига келмаганлиги сабабли суд фуқаролик ишини Фуқаролик процессуал Кодексининг 220-моддасига кўра, жавобгарнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилиб, Миродил Ҳакимовдан даъвогар Эркин Дориповга 50 миллион сўм маънавий зарар учун компенсация, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробар миқдорида (90 миллион сўм) етказилган зарар ҳисобига товон пули ундириш белгиланган. Бундан ташқари жавобгарнинг зиммасига “Уйланамиз” шеъридан муаллифнинг розилигисиз фойдаланмаслик мажбурияти юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳал қилув қароридан норози тарафлар мазкур ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида Андижон вилоят судига апелляция тартибида шикоят келтиришга ҳақли. 

Қайд этиш лозим, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунга кўра асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланган.

Шунингдек, Қонуннинг 62-моддасига кўра, ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар