АсосийJamiyat

Урганчда брайл ёзувидаги адабиётлар иккинчи қаватга жойлаштирилган кутубхонада лифт ишламайди 

'Урганчда брайл ёзувидаги адабиётлар иккинчи қаватга жойлаштирилган кутубхонада лифт ишламайди 'ning rasmi

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлисида шаҳарсозликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда барча ижтимоий инфратузилма объектларидан монеликсиз фойдаланиш учун мослаштириш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида бу борада кўрилаётган чораларга қарамай ногиронлиги бўлган шахсларга инклюзив шароитлар яратиш масаласида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Биргина пойтахтимизнинг ўзида ижтимоий инфратузилмаси объектлари ва биноларининг 85 фоизи ҳанузгача ногиронлар тўсиқсиз фойдаланишга мослаштирилмаган.

Бу хусусда Сенат раиси айниқса халқаро мезонлар талабларидан келиб чиқиб, мамлакатда “тўсиқсиз муҳит”ни шакллантириш масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозимлигига тўхталди.

- Бу борада етарлича муаммоларимиз бор. Оддийгина кундалик ҳаётимизда бундай масалаларга кўплаб дуч келамиз – транспортда, овқатланиш шаҳобчаларида, хизмат кўрсатиш объектларида, маданий – кўнгилочар муассасаларда ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароитлар яратилмаган. Албатта бу вазифа ечими ҳам бир-икки куннинг иши эмас. Лекин бу йўналишда амалий ҳаракатларни бошлаш вақти аллақачон келган, - деди Т.Нарбаева.

Шунингдек, мажлис давомида мавжуд камчиликлар аниқ мисоллар билан изоҳланди.  Жумладан, ер ости транспортидан қулай фойдаланиш учун тўлиқ шароитлар яратилмаган. Метро станцияларнинг кўплари пандуслар билан жиҳозланмаган, бу эса шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бермайди.

Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан шаҳар ер усти транспортидан мустақил фойдаланиш имконияти тўлиқ яратилмаган. Айниқса, аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожизлар ва қулоғи оғирларнинг эркин ҳаракатланиши учун жамоат транспортининг мослашмагани айтиб ўтилди.

Жамоат жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур эшитиш ва кўриш маълумотлари, шу жумладан рельеф нуқтали Брайль шрифтида тайёрланган кўрсаткич ва белгилар мавжуд эмас.

Мажлисда Фан, таълим ва соғлиқни сақалаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида ўтказилган ўрганиш натижалари маълум қилинган.

Сенат ишчи гуруҳининг ҳисоботига кўра, Урганч давлат университети кутубхонасида лифт ишламаслиги сабабли ногирон талаба иккинчи қаватдаги ўқув залига кира олмаган, брайл ёзувидаги барча адабиётлар ўша ерда жойлашган. Урганчдаги кўзи ожизлар кутубхонаси олдида эса овозли светофор ва бекатлар йўқ, автобусларга махсус мосламалар ўрнатилмаган.

Йиғилишда шу ва бошқа бир қатор ҳолатлар юзасидан масъул ташкилот вакилларининг муносабатлари эшитилиб,  ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланган.

Ушбу вазифалар юзасидан аниқ муддатлар белгиланиб, мажлис якунида Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган.

 

    Бошқа янгиликлар