Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзбек—қозоқ давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома лойиҳаси тайёрланди, деб хабар беради "Zakon.kz".
Ҳужжатда қайд этилишича, Қозоғистон—Ўзбекистон давлат чегарасининг бошланғич нуқтаси Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегараларининг туташган жойи ҳисобланади. Давлат чегараларининг сўнгги нуқтаси эса Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат чегараларининг туташган жойидир.
Давлат чегарасининг демаркацияланган чизиғининг узунлиги 2356,666 километрни ташкил этади. Томонлар давлат чегараси чизиғига жами 1301 та чегара белгисини ўрнатган.
Томонлар жами 1672 та чегара устунини ўрнатган, жумладан, асосийлари — 868 та, шундан Қозоғистон томонида — 437 та, Ўзбекистон томонида — 431 та; оралиқ чегара устунлари — 804 та, шундан Қозоғистон томонида — 428 та, Ўзбекистон томонида — 376 та.
Шартнома кучга киргандан сўнг томонлар ҳар 10 йилда бир марта давлат чегараси чизиғи белгиланишини биргаликда текшириб туради. Томонларнинг келишувига кўра текшириш шартлари ўзгартирилиши, шунингдек, унинг алоҳида участкаларида давлат чегараси чизиғининг белгиланишини биргаликда текшириш ҳам ўтказилиши мумкин.
Ҳужжатда келтирилишича, томонлардан ҳеч бири бир томонлама тартибда давлат чегараси чизиғи тўғрисидаги шартномада кўрсатилмаган чегара ёки давлат чегарасини белгиловчи бошқа белгиларни ўрнатиши мумкин эмас.
Ҳозирда мазкур шартномани имзолаш тўғрисидаги фармон лойиҳаси Қозоғистон президенти томонидан кўриб чиқиш учун киритилган.






