Ижтимоий тармоқлар орқали “Навоий шаҳар ХТБга қарашли 11-АФЧЎИМ директори 10-Г синф ўқувчисини урди, ўқувчи эса ҳушини йўқотди” номли хабар тарқатилди. Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати маълумот тақдим этди.
Аниқланишича, фуқаро Х.Ж Навоий шаҳар ИИБга мурожаат қилиб, қизи 2006 йилда туғилган вояга етмаган Ғ.Н.ни Навоий шаҳар 11-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори Ж.Г. уриб тан-жароҳати етказганлиги юзасидан мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Текшириш ҳаракатлари Навоий вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинди.
Элатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда ўқувчи синф раҳбари томонидан калтакланган эди, Самарқандда эса мактаб директори ўқувчини уриб қулоқ пардасини йиртиб юборгани учун ишдан олинди.






