Бир муддат аввал Тошкентда "Тез ёрдам"нинг аёл ходими калтаклангани ҳақида хабар берган эдик.
ССВ тафсилотларига кўра, беморнинг ўғли фельдшернинг кўкрак қафасига зарба берган ва ходимнинг аҳволи ёмонлашган.
Воеқадан бироз вақт ўтиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев "тез ёрдам” ходими калтаклангани юзасидан ўз муносабатини эълон қилди.
"Тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик учун алоҳида жавобгарлик белгилаш бўйича қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатларимизни қаршилиги сабаб қайтариб юборилганди.
Ҳамкасб депутатларимиз шу ўринда катта хато қилишган, деб ўйлайман. Ва тиббиётчиларга нисбатан зўравонлик давом этишига сабабчилардан бири айнан биз депутатлармиз.
Чунки, Ички ишлар, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қилинган зўравонлик, ҳалақит ва босим каби ҳолатлар учун алоҳида жавобгарлик белгилаб берган депутатлар тиббиёт ходимларига келганда "ўтириб" қўйганмиз", — дейди у.
Кушербаевнинг таъкидлашича, тиббиёт соҳасида алоҳида жавобгарлик бўлиши жамият учун профилактик характерга эга, зўравонларни тийиб туради.
"Агар кеча калтакланган тиббиёт ходими ўрнида ўша қонунни қайтаришда қатнашган депутатимизни синглиси, онаси ё қизи бўлганда қандай бўларди?
Шу боис, яна бир бор тиббиёт ходимларига қилинаётган зўравонлик, босим, қаршилик каби ҳолатлар учун алоҳида жавобгарлик белгилашни кўриб чиқиб, ҳал қилиш керак, деб ҳисоблайман", — дейди депутат.






