Ижтимоий тармоқларда талаба-қизлар уйидан ҳайдаб чиқараётгани акс этган видео тарқалиб, муҳокамага сабаб бўлганди.
Шундан сўнг ҳолат юзасидан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети расмий муносабат билдириб, мазкур видео университетнинг 1-босқич талабаси томонидан саҳналаштирилганини, ижара уйларнинг нархи кўтарилиши юзасидан ишлаб чиқилганини маълум қилганди.
Орадан бироз вақт ўтиб эса квартира эгалари студентларни кўчага хайдалганини саҳналаштирган йигит ИИБга чақирилди.
"Бу мени айбим эди. Видео саҳналаштирилганини ҳеч қаерда айтмагандим", — дейди у интервьюда.
Ҳолатга Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа муносабатини билдириб, эски замонлар энди қайтмаслиги кераклигини айтди
У бу ҳақда Facebook саҳифасида пост қолдирди.
"Талабага биз таълим берамиз, унга касбий маҳоратга эга бўлиш ва комиллик йўлларига чиқишида Устозлик қиламиз! Кеча мактабни битириб келган ўспирин болани 4-6 йилда “проффи” қиламиз. Бу оғир тегирмон занжири ҳар йил, ҳар 4 йилда цикл бўлиб айланаверади. Уларга қўшилиб бизнинг умримиз ўтаётканини ҳам сезмаймиз.
Яхши бир кадр тайёрлаш учун кўўпгина профессор, доцентлар, амалиётчилар машаққатли меҳнат қиладилар. Гоҳо ўз ота-онаси бермаган тарбия, меҳр-мурувватни бажонидил берамиз, куну-тун, дам олиш кунлари ҳам бирга бўламиз… Демак-ки уни койишга, устозлардек насиҳат қилишга хаққимиз бор.
Аммо нечун талабанинг професссионал фаолияти учун биздан ўтиб, биздан дегани - кафедра, деканат, тьюторлар, ректоратдан сўрамай ички ишлар идораси, ё бошқа идораларга “профилактик суҳбат” учун талабамизни чақиришади? Нима учун буни видеога олиб ролик қилиб ижтимойи тармоқларда тарқатишади? Нимага “узр” сўрашга мажбурлашади, юзини хаммага кўрсатиб? ", — дейди у.
Университет ректорининг фикрича, эски замонлар энди қайтмаслиги керак.
"Ё эпласалар келиб дарс беришсин", — дейди Шерзодхон Қудратхўжа.
Унинг маълум қилишича, бу масалада шахсан шуғулланади.
"Талабаларимизни хафа қилдирмаймиз, ўзимиз таълиму-тарбия беришга қодирмиз, ўзимиз яхши иш билан таъминлаймиз!
“Чумчуқ сўйсаям қассоб сўйсин” бекорга дейишмагин оқилларимиз…", — дейди у.






